​ҚАРШИ ШАҲРИДА ТОМОРҚАЧИЛАР БОШИНИ ҚОВУШТИРАДИГАН ЕТАКЧИГА ЗАРУРИЯТ СЕЗИЛИБ ТУРИБДИ

ТАҲЛИЛИЙ  31.05.2020 01:55        401


-Қайсидир маҳаллада бўш турган, ажриқ босган ер бўлса бордир, лекин бизда ҳамма хонадонлар томорқаси яшнаб турибди, - дейди Карши шахридаги “Худойзод” МФЙ раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Хадича Эшонқулова.

– Агар ишонмасангиз, меникига боринг, ловия, мош, картошка, шолғом, пиёз, помидор, бодринг, мева-чева, анор дейсизми, узум дейсизми, ҳаммасидан топилади. Бошқа хонадонларда бундан ҳам кўпроқ экин турларидан бир мавсумда 2-3 марта ҳосил олиниб, ортгани бозорга чиқарилади.

Шундан бўлса керак, Худойзодни кўкат етиштирувчилар маҳалласи дейишади. Қарши шаҳридаги бутун вилоятни озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминловчи “Ерқўрғон” бозорини худойзодликлар қишин-ёзин пиёз, редиска, шивит, шавил, петрушка, саримсоқпиёз ва бошқа зироварлар билан таъминлаб келишмоқда. Бинобарин, пандемия туфайли юзага келаётган иқтисодий инқирознинг олдини олишда ҳар бир хонадон ўзини ўзи озиқ-овқат билан таъминлашининг аҳамияти жуда катта. Маҳалладаги 796 та хонадоннинг қайсига кирманг, томорқаси кўзингизни қувнатади.

Лекин маҳаллада муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, Саҳрообод, Чашма, Халқобод, Абзал каби кўчаларда яшовчи томорқачилар оқар сувдан қийналишмоқда. Аммо тан олиш керак, уларнинг томорқаси яшнаб турибди. Ер ости сувидан фойдаланган ҳолда экин-тикин қилишмоқда.

-Бу муаммони ҳал этиш борасида катта иш бошлаганмиз,- дейди “Худойзод” МФЙ раиси Зайниддин Нуриддинов.

– Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда оқар сув билан таъминланмаган кўчаларга қувур орқали сув олиб бориш масаласи ўз ечимини топди. Ҳаракатлар бошланган, яқин кунларда сув қувурлари тортилади.

Маҳалла аҳлининг ҳаммаси ишчан, томорқачиликнинг миридан сиригача билади. Лекин уларни бирлаштирадиган, маҳсулот етиштиришни ихтисослаштирадиган, томорқачилар бошини қовуштирадиган етакчига зарурият сезилиб турибди. Яқинда маҳаллада OzLiDePнинг бошланғич ташкилоти тузилди ва бу қуйи бўғин томорқачиларни, маҳалладаги ишбилармон ва тадбиркорларни бир мақсад йўлида бирлаштириб, юрт тараққиёти ва равнақи йўлида хизмат қилишни ўзларига вазифа қилиб белгилаб олишди. Бошланғич партия ташкилоти раиси этиб, Хадича Эшонқулова сайланди.


-Бошланғич партия ташкилотини тузишдан кўзланган мақсад битта – у ҳам бўлса, маҳалладаги тадбиркор ва ишбилармонларни, айниқса, аёлларни, ёшларни мамлакатимизнинг ёрқин келажагини барпо этиш йўлида сиёсий куч сифатида бирлаштиришдир,- дейди OzLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими мудири Гулбаҳор Тўраева.

-Аминманки, ана шу бирлик одамлар турмушига моддий манфаат ва ижобий янгиланишлар олиб киради.


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД