​ҲУШЁР ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИДАН ЎҒРИ ҚОЧИБ ҚУТИЛА ОЛМАДИ

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ  07.06.2020 12:15        534


#Кун_қаҳрамони

Лейтенант Халилов Абдираҳим Ғофурович


Қарши туманидаги “Жумабозор” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатиб келаётган лейтенант А.Халилов маҳалла ҳудудда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга, жиноятчиликка қарши курашишда жонбозлик кўрсатаётир.

Шу йилнинг 27 май куни маҳалла ҳудудида жойлашган жамоатчилик назорати масканида тунги вақтда хизмат ўтаётган лейтенант А.Халиловнинг эътиборини назорат маскани томон ҳаракатланиб келаётган “Матиз” русумли 70 S 268 LA давлат рақамли автомашина ўзига тортади.

Назорат масканидан ўтаётган автоулов ҳайдовчисига тўхташ ишорасини кўрсатди. Аммо ҳайдовчи профилактика инспекторининг талабига бўйсунмай қочишга уринди. Дарҳол тунги хизматни олиб бораётган ходимларга хабар берилди. Бироз вақтдан сўнг шубҳали автомашина тўхтатилиб, текшириб кўрилганида салонда 5 бош қўй борлиги маълум бўлди.

Олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида Косон туманининг Дарча қишлоғида яшовчи ака-укалар М.Ғ., М.Р. ва М.С. Қарши туманидаги Сарой қишлоғида яшовчи Турсун Норбековга тегишли 1 бош қўй ва 4 бош қўзини ўғирлаб кетаётганлиги аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Профилактика инспектори лейтенант Абдираҳим Халиловнинг ҳушёрлиги туфайли жиноят тезда фош этилди.

Содиқ РАҲИМОВ,Қашқадарё вилояти.


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД