МИРИШКОР ТУМАНИДА ТАЗЙИҚҚА УЧРАГАН АЁЛГА НЕГА "ҲИМОЯ ОРДЕРИ"БЕРИЛДИ?

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ  11.06.2020 07:45        518

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Қумбанги маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.Р турмуш ўртоғи Р.О.га руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётганлиги ҳолати туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори М.Чориева, профилактика инспектори О.Саитмурадовлар иштирокида ўрганилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида жабрланувчи Р.О.га "Ҳимоя ордери" расмийлаштириб берилди.

Ҳимоя ордерини бериш тартиби қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:

тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;

тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;

давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.

Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин:

тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;

тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади);

тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;

тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек, маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклаш;

тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек, қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.

Ҳимоя ордерида қонун ҳужжатларида белгиланмаган бошқа чекловларни назарда тутиш тақиқланади.




КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД