​САРДОБА ФОЖЕАСИ “ГУРУНГИ” ВА БЕМОРДАН МУҲИМ “СМЕТАНА ва ГУРУЧ”

ТАНҚИДИЙ  11.06.2020 08:21        494

Очиғи куннинг иссиғида бирор ерга бориш кишига малол ҳам келади. Лекин, мана 4 кундирки, патронаж ҳамшира бизга қўнғироқ қилиб поликлиникага навбатдаги кўрик учун келиб кетишимизни илтимос қилавергач, овсиним иккаламиз эрталаб йўлга чиқдик. Соат 9:00. Пештоқига Қарши шаҳар 3-сонли Оилавий поликлиника деб ёзиб қўйилган бинога кираверишда бизни қоровул қўлида (антисептик) тозаловчи восита билан кутиб олди. Бир қарашда ҳаммаси тартиб-тамойилга кўрадек. Яъни, юртимизда ҳали-ҳамон карантин вазияти хукмрон. Гарчанд бунга ҳамма ҳам тўлиқ риоя этаяпти деб айтмасак-да, (аввало тиббиёт ходимларининг ўзлари карантинга мутлақо амал қилишмаган) ҳамширалар-у, шифокорларнинг ярмидан кўпида ниқоб йўқ, борлариники ҳам ёки даҳанига туширилган, ёки бир томони қулоғида, бир томони эса осилиб турибди. Ҳа, энди шуям ёзишга, айтишга айтарли мавзуми дерсин? Албатта арзийди. Нега энди бир кунда минглаб одам кириб чиқадиган ва мулоқотда бўладиган, камига эса аксарияти ҳомиладор аёлларни қабул қиладиган тиббиёт ходимларининг ўзи карантин қоидаларига амал қилмагач, мавзу албатта айтишга, йўқ, аниқроғи эътибор қаратишга арзирли тусга киради-да...

МАСЪУЛИЯТСИЗЛИКНИ ЕТАКЛАГАН БЕФАРҚЛИК

Аввало поликлиникалар оилавий мақомини олгач, уларнинг иш тартибидан тортиб токи ишлаш режимигача ўзгартиришлар киритилди. Бу бир томондан яхши албатта. Лекин, бу янгилик фақатгина иш вақтининг узайтирилгани-ю, поликлиникаларга берилган айрим ваколатларнинг (аниқроғи юкламаларнинг) кўпайишидан бошқасини бермади, назаримизда. Бундан бир неча ой аввал мен ҳомиладорлик бўйича Қарши шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада ҳисобда турар эдим. Энг қизиғи, бу ерда ғалати аҳвол хукмрон экан. Яъни, сиз қон, пешобга таҳлил топширасиз. Лекин таҳлилингизни ўзингиз бориб вақтида олиб “участковой” шифокорингизга келтириб бермасангиз ва у ҳам ўз навбатида бу таҳлил натижаларини ўз вақтида тиббий варақангизга ёпиштириб қўймаса, демак таҳлил натижаларингиз йўқ. Қандай қилиб дейсизми? Оддий. Сансоларлик. Яъни, бу ишни хона ҳамшираси мен бажармайман дейди. Патронаж ҳамширанинг вақти йўқ. Лабораториядагилар эса жиғибийрон. Натижада эса иш яна ҳомиладор аёлларнинг ўзига қолади. Ҳа, энди фарзандининг саломатлиги учун онанинг ўзи қайғурмаса, ким ҳам қайғурарди, тўғрими? Буниси майли, лекин ҳомиладорлигимнинг 5-чи ойи якунига етай деб қолди ҳамки, ўша “вақти йўқ” ҳамшира бирор маротаба мени йўқлаб келмади. Нуқул қўнғироқ қилиб келиб кетишимни сўрайди. Бора олмаган вақтларим эса тиббий варақамга “Ҳаммаси жойида. Навбатдаги тиббий кўрикка бордим. Аҳволи яхши.... ва ҳоказо ва ҳоказо” каби қайдларни ёзиб қўйган патронаж ҳамширадан қачон мени кўргани боргани-ю, нега таҳлил натижаларим йўқлиги ҳақида сўрасам, индамайди. Тағин, қон таҳлили учун 5 минг, пешоб учун алоҳида, тиббий варақа учун яна пул. Хуллас иш йўқ, аммо тўлов бор. Яқин икки ой ичида эса манзилим ўзгариб 3-оилавий поликлиникага рўйхатга қўйилгач бунақа масъулиятсизликлардан қутуламанми деб ўйлаган эдим. Қаёқда? Ундан ҳам каттароғига тутилдим.

Чунки, биз гувоҳ бўлган ҳолат ҳақиқатдан бефарқликдан бошқаси эмас. Масалан қабул бўлимидаги бир ҳамшира кираверишда бир беморнинг уст-бошини қўл телефонига расмга тушириш билан овора. Яна кимлардир эса тўдалашиб ижтимоий тармоқ орқали реклама қилинаётган кумуш тақинчоқлар савдоси билан банд. Бу ёқда эса кичкинтойларини навбатдаги эмлаш ёки кўрикка олиб келган оналар шу иссиқда “ўта банд” ҳодимларни кутиб туришибди. Бу ҳам майли, биздан қон таҳлили олиши керак бўлган ҳамширанинг на юзида ниқоби, на қўлида қўлқопи бор.

Ундан таҳлил олинадиган игналар (стерелл) қилинганми ёки йўқлигини сўраганимизда: - Уфф, шу куннинг иссиғида ҳомиладор одам бошни оғритмаса-да. Албатта стерелланган, эрталабдан буён ишлатамиз-ку,-деб жавоб берди. Буниси ҳам майлику-я, ҳар бир хонада худди “Келинлар қўзғолони” фильмидаги каби алоҳида-алоҳида идишларда тушлик тайёрланаётганидан атрофда тоза ҳавонинг ўзи йўқ. Овқат ҳиди димоғингиздан тортиб, кийимингизгача ўтириб қолади. Тағин, ҳамширалар ҳали тушлик маҳали бўлмасдан бемалол ўтириб олганча, ёки маиший техника мавзусини, ёки навбатдаги ошган контракт тўлов масаласини муҳокама қилиш билан банд. Балки бу одат тусига кириб қолгандир. Лекин карантин даврида, тағин беморларининг асосий қисмини ёш болалар ва ҳомиладор аёллар ташкил қиладиган поликлиника ҳодимлари учун масъулиятсизлик эмасми?

САРДОБА ФОЖЕАСИ “ГУРУНГИ” ВА БЕМОРДАН МУҲИМ “СМЕТАНА ва ГУРУЧ”

Энг ёмони, биз терапевт Н.Акбаровани бир соатдан ошиқроқ вақт мобайнида кутганимиз бўлди. Бу давр орасида терапия хонасида ўтирган икки нафар УАШ шифокорига патронаж ҳамшира бир неча маротаба биз навбатдаги кўрикка келганимизни, ҳозирда Н.Акбарова йўқлиги боис бизни тиббий кўрикдан ўтказишларини илтимос қилди. Афсуски, уларнинг бир-бирига истеҳзоли кулиб берган жавобларини эшитиб рости юқорида айтган бефарқлигим аллақачон масъулиятсизликка олиб келганлигига амин бўлдим.

-Ҳозир Акбарова келсин, ўзи кўриб қўяди. Биз ҳам нима қилайлик, эрталабдан буён мана қаранг (ёнида турган қоғозларга ишора қилиб) қанчаааа “выписка” ёздик. Чарчадим. Озроқ кутинг, ўзи келиб текширади.

Шундан сўнг икки хамкасб берилиб яқиндагина Сардоба фожеасидан кейин Сирдарёга бориб келган сафар таассуротлари ҳақида суҳбатлаша бошлашди.

-Эй, нимасини айтасиз, 5 кунга дейишган эди. Мана 11 кун бориб келдим. Ўзи бир ишни дўндирганим ҳам йўқ. Шунчаки бордик-да...

Тавба... биз бу ёқда соатлаб терапевт шифокорни кутиб ўтирибмиз. Ёнгинамизда эса иккита терапевт Сардоба фожеасини “муҳокама қилиш” билан банд. Бу ҳали ҳолва экан энг аламлиси биз кутган ?Н.Акбарова хонага шамолдек кириб, бўрондай чиқиб кетди. Фақат кетиш олдидан патронажнинг сўзларига: -Йўқ, ҳозир касал кўра олмайман. Дўконга сметана билан гуруч олгани боришим керак. Вақтим йўқ,- деди-ю индамай чиқиб кетди. Табиийки, шунча кутганимиз бир пул бўлди. Фақатгина қаршимизда икки қўлини ёнига ёйганча елка қисиб қараб турган патронаж ҳамширани кўриб жаҳлим чиқди.

АЛМАШИНУВ ВАРАҚАСИ УЧУН 10.000 МИНГ ТЎЛАЙСИЗ

Хуллас, бугунги машмашалар шу билан якун топмаган кўринади. Тавба, терапевтни-ку вақти йўқ экан, патронаж ҳамширамиз майли гениколог кўригига бора қолайлик, дегач биз ҳам индамай унга эргашдик. Бу ерда ҳам шу аҳвол. Шифокорларнинг, ҳамшираларнинг бирортасида ниқоб йўқ, яна камига битта хонага 10 дан ортиқ одам тиқилиб олишган. Бизни қабул қилган гинеколог О.Холова тиббий варақамизга бир нималарни қайд қилгач, тўсатдан овсиним:- Балки бизни кўриб кўярсиз?-деб қолди. Варақадан кўз узмаган шифокор эса: - Майли, мана бу ерга ўтиринг, деб шу хонанинг ўзида бўлган диванга ишора қилди. Шунда ҳар иккимиз ҳам норози оҳангда: -Ие, кўрув хонангиз йўқми?-дегач у ноилож бизни кўрув хонасига олиб борди. Кулгилиси, бу аёлларнинг кўрув хонаси эмас, балки бўлим “ошхонаси”га ўхшарди. Сирли идишда қайнаб турган овқатнинг ҳиди бутун хонани тутиб кетган. Камига шифокор бизга кулиб қараб: -Қизлар шу хонада тушлик тайёрлашади. Чунки бу ерга ҳеч ким кирмайди-да. Энди озроқ чидайсизлар,-деди.

Бу ҳам майли, О.Холова ҳолатимга қараб менга баъзи-бир дориларни ёзиб бергач, алмашинув варақангиз учун 10.000 сўм тўланг! –деди.

-Ие, бу пулликми?-ҳайратимни яшира олмадим.

-Албатта пуллик. Нима билмасмидингиз? Поликлиникага келгунча ўзингиз билан пул олиб келмадингизми?

-Йўқ олиб келмабман,-дедим зарда билан. (Аслида ёнимда пул бор эди албатта)

-Унда кейинги гал овсиниингиздан бериб юборинг!

Тушунарли. Биздан ташқари бошқа беморлар борлиги учун ҳам ортиқча тортишишни истамадим. Ташқарига чиққунча патронаж ҳамшира бизни янада ҳайрон қолдирди.

-Ҳалиям сизга “инсоф билан айтди”. Мендан алмашинув варақам учун 15.000 минг, бола парваришлаш таътилига чиқишим учун эса 25.000 минг сўм сўраганди. Наилож бергандим. Бу ўзи шунақа. Бермасангиз “қўймайди” дегач ҳаммасини тушундим. Лекин шундоққина қабул бўлими эшиги олдида турган поликлиника бош шифокорини бугунги кўрган вазиятимиз ҳақида огоҳлантирдик. Қолгани эса бош шифокорнинг хулосасига боғлиқ.

***

Аслида тиббий тўловлар учун махсус кўрсатмалар ва белгиланган нархномалар мавжуд. Масалан, хусусий клиникалар ёки стоматология шифохоналарида махсус нархнома (прейскурант) орқали амалга оширилади ва мижоз бу ҳақда огоҳлантирилади. Аммо, оилавий поликлиникаларда йўқ бўлмаётган бу “иллат” га гуё ҳамма бефарқдек. Ҳар ҳолда поликлиника бош шифокорининг бир гапи ҳақиқат менимча.

“-Бу ер поликлиника. Поликлиникада эса тиббий хизмат бепул амалга оширилади. Шунга чидаган ишлайди. Бўлмаса, ана хусусий шифохоналарга бориб ишлашсин”.

Ким билсин. Оилавий поликлиникаларда ишлайдиган шифокорларнинг ойлик маошларини кўтариш керакдир. Балки шунда бу каби майда иллат, ёқимсиз ҳолат, кичик коррупцион ҳаракатларга барҳам берилар?!

Муқаддас ИСМОИЛОВА


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД