ОНА ТИЛИМ - ҒУРУРИМ

МАҲАЛЛИЙ  07.08.2020 16:49        320

Тил – миллатнинг руҳи, миллатни миллат сифатида юксалтирадиган энг муҳим восита. Бинобарин, она тилини асраш, унинг софлиги ва жозибасини сақлаш, ривожлантириш ўша миллатнинг юксалишига хизмат қилажакдир.

Ҳар қандай халқнинг, миллатнинг ҳурлиги, аввало, тилининг мавқеи билан белгиланади. Шу маънода айтиш жоизки, 1989 йил 21 октябрда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинганлигини мамлакатимизнинг мустақиллик сари дадил қадами сифатида баҳолаш мумкин. Шунингдек, Бош қомусимизда «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб белгилаб қўйилиши билан она тилимиз давлатнинг муқаддас рамзларидан бирига айланди.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.
Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муаммолада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда кузатилмаган. Йўқолиб кетиш ҳавфида бўлган тилларнинг сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади. Тилшунослар йўқолиб кетиш арафасида турган тилларни сақлаб қолишнинг имкониятлари ҳозирча қўлдан бой берилмаганини айтишади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак.
Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
Донишманд ота-боболаримиз азалдан нутқ маданиятига катта эътибор беришган. Улар қолдирган асарларни ўқир эканмиз, ҳар бир сўз ўз ўрнида қўлланганига гувоҳ бўламиз. Сўз ҳиссини доимо билиб яшашимиз керак. Шундай экан, она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.
Зулайҳо АННАЕВА,

Нишон туманидаги 2-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД