ОНА ТИЛИ ДАРСЛАРИ: уларни ташкил этишда қандай ёндошилади?

ТАҲЛИЛИЙ  12.08.2020 17:40        395

Маҳфуза ЖУМАҒУЛОВА,

Карши шаҳридаги 29-мактабнинг 2-тоифали бошланғич синф ўқитувчиси

АННОТАЦИЯ: Мазкур мақолада она тили дарсларини ташкил этишга илмий методик ёндашув, дарс самарадорлигини оширувчи интерфаол методлардан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилган.

КАЛИТ СЎЗЛАР: илмий қараш, лексик, тил, диалектик фикрлаш, грамматик, фонетик, она тили

Мактаб жажжи болакай учун, айниқса, бошланғич синф ўқувчилари учун сеҳрли дунё. Бу ерда кўплаб билимларни ўзлаштирадилар. Айниқса, сўзлашда ҳам жиддий тартиб қоидалар борлигини билиб оладилар. Бу борада она тили дарслари ёрдамга келади. Хўш, уларни ташкил этишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

Кичик ёшдаги ўқувчиларнинг тилни ўзлаштириш жараёнини текшириш шуни кўрсатадики, тилга илмий қараш асосларини шакллантириш унинг муҳим боғланишларини билишга ҳам ёрдам беради.

Хусусан, ўқувчиларнинг сўзнинг товуш томони билан унинг лексик маъноси, сўзнинг морфемик таркиби билан лексик маъноси, сўзнинг грамматик маъноси билан унинг маълум сўз туркумига тегишлилиги ўртасидаги боғланиш кабиларни билиб олиши шу мақсадга хизмат қилади. Бу боғланиш тилнинг фонетик, лексик, сўз ясалиши ва грамматик томонларининг бир-бирига таъсир қилишини характерлайдиган умумий боғланишларнинг хусусий кўриниши ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, ўқувчиларнинг характерли боғланишларни тушунтиришлари тилни эгаллаш нуқтаи назаридангина эмас, балки дунёқарашларини шакллантиришда ҳам катта аҳамиятга эга.

Тилдан билим беришда ўқувчиларнинг ҳаётий тажрибасига таяниш муҳимдир. Ўқитувчи назарий характердаги умумлаштириш зарур бўлган далилий материалларни йиғиш босқичида ҳам, берилган билимларни амалиётга татбиқ этиш учун ҳам болаларнинг ҳаётий тажрибасига, нутққа оид амалиётига таянади. Тилга оид билимни ўрганиш натижасида ўқувчилар нутк фаолиятининг сифати ўзгаради, онглилиги ортади. Тилни ўрганишни ҳаёт билан боғлаш дунёнинг моддийлигини тушунишга асос яратади. Бу билан бир пайтда она тили дарсларининг асосий вазифаларидан бири бўлмиш ўқувчиларда тўғри кузатиш ва ўз фикрларини оғзаки ва ёзма шаклда аниқ баён этиш кўникмасини ўстириш масаласи ҳал қилинади. Бунда ўқитувчидан ўқувчиларда диалектик фикрлаш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор бериш талаб этилади.

Кейинги йилларда ўқувчиларнинг ўқув фаолияти тобора изланиш характерига эга бўлмоқда. Тилни ўрганишда бошланғич синф ўқувчилари учун айрим қоида ва аниқликларни ёдлаб олиш эмас, балки атрофдаги ҳаётни кузатиш асосида ўқувчиларнинг ўзлари «топган» ёки адабий манбалардан тайёр олинган тил материалини мақсадга мувофиқ анализ ва синтез қилиш етакчи ҳисобланади.

Ўрганиладиган грамматик ва сўз ясалишига оид, лексик тушунчаларнинг мавжуд белгиларини аниқлаш жараёнида фаол қатнашиш, билиб олинган далилларни ўхшаш ва фарқли томондан қиёслаш, шунингдек, ўрганилган назарий билимларни ҳар хил нутқий фаолиятга ижодий татбиқ этиш − буларнинг барчаси ўқувчиларда диалектик фикрлаш кўникмасини ўстириш учун замин ва шарт-шароит яратади. Бунда муҳим омиллардан бири ўқувчиларнинг ақлий фаолиятини ўқитувчи томонидан мақсадга мувофиқ бошқариш, уларда орфографик, грамматик ёки лексик-услубий вазифаларни ҳал қилишнинг умумий методларини шакллантириш ҳисобланади.

Ўқувчиларга таълим-тарбия бериш вазифаларидан бири уларда илмий дунёқараш элементларини шакллантиришдир. Бу вазифани ҳал қилишда мақсадга мувофиқ ишлашнинг етакчи шарти − ўқувчини шахс сифатида муваффақиятли камол топтиришдир.

Тилни ижтимоий ҳодиса сифатида таништириш муҳим аҳамиятга эга. Тилнинг ижтимоий моҳияти унинг алоқа вазифасини бажаришида кўринади Унинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини аниқ тушунишга ёрдам бериш учун қуйидаги жиҳатларга аҳамият бериш керак:

а) ўқув жараёнида ҳар бир тил бирлигининг нутқимиздаги ўрнини

ўқувчилар ўзлаштиришини таъминлаш зарур. Ўқувчилар тилнинг алоқа

вазифасини тилнинг асосий бирликлари (фонема, морфема, сўз, сўз бирикмаси, гап)нинг вазифасини тушуниш жараёнида ўрганадилар.

б) ўқувчиларнинг тилнинг ўзаро алоқа воситаси эканлигини тушунишлари “Тил ҳар бир киши, умуман, жамият ҳаётида қандай ўринни эгаллайди?” саволига жавоб топишда ижобий таъсир кўрсатади.

Ўқувчилар синфдан синфга ўтиши билан бу саволга жавоб чуқурлашиб

ва кенгайиб боради. Тил кишиларнинг биргаликдаги меҳнат фаолиятида, янгиликларни маслаҳатлашиб тушунишида, янги машиналар ихтиро қилишда зарурлиги ҳақида мисоллар топиб, ўз фикрларини тасдиқлайдилар. Ёшлари улғайган сари ўқувчилар одамнинг одам бўлишида тилнинг аҳамиятини тушуна борадилар. Меҳнат ва нутқ кишини яратади, уни ҳайвонот оламидан ажратади. Одам меҳнат жараёнида ўзининг фикрлаш фаолиятини ривожлантириш ва нутқини ўстириш билан ўзини доимо такомиллаштириб боради. Оламни, коинотни ўзгартира бориб, киши янада камол топа боради, унинг тили ҳам бойийди. Кишилар билан, жамият аъзолари билан алоқа, муносабат, биргаликдаги меҳнат ҳар бир кишининг ўсиши, ривожланишидаги зарурий шартлардан ҳисобланади.

в) бошланғич синф ўқувчиларининг тилга ижтимоий ҳодиса сифатида

қарашини шакллантиришда тилнинг келиб чиқиши, тилда янги сўзларнинг

пайдо бўлиши ҳақида уларнииг савиясига мос бўлган «сир»ни ечиш (тушунтириш) ижобий таъсир кўрсатади. Ўқитувчи ўқувчиларга тилнинг бир киши томонидан махсус ўйлаб чиқарилмаганини, у ибтидоий одамларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда яратилганини ва астасекин ривожланиб борганини тушунтиради: “Биздан жуда узоқ вақтлар илгари тилда фақат бир неча ўнгина сўз мавжуд эди, кишилар атрофдаги табиатни, нарсаларни билиб, иш қуроллари яратиб, нимадир ишлаб чиқарганлари сари тилда янги сўзлар пайдо бўла бошлади. Атрофимизда мавжуд бўлган шахс ва нарсаларга, уларнинг белгиларига, жараёнга, жуда кўп бошқа нарсаларга кишилар ном қўйганлар. Шундай қилиб, тил янги сўзлар билан бойиди ва бойиб бормоқда”.

Тилнинг ривожланиши, айрим сўзларнинг маънолари ҳақидаги билимни бошланғич синф ўқувчилари от, сифат, сон, феълни ўрганиш жараёнида аста-секин билиб оладилар. Бу ўринда «Сўзнинг таркиби» бўлими катта имкониятга эга. Ўқувчилар бу бўлим материалларини ўрганиш жараёнида тилимизнинг янги сўзлар билан бойиб бориши ҳақидаги муҳим манбалар билан, сўз ясалиши билан танишадилар.

Она тилини ўрганиш жараёнида ўқувчиларда илмий дунёқараш асосларини шакллантириш масаласини ҳал қилишда мактабда она тилини ўргатишга асос бўладиган материал алоҳида қимматга эга. Материалнинг ҳақиқий томони, унинг ғоявий йўналиши ва бадиий ифодалилиги ўқувчиларнинг фикрлаш фаолиятига, ҳис-туйғуларига таъсир этади, атрофмуҳит ҳақидаги билимларини кенгайтиради, тилга ва уни яратган халққа қизиқишини тарбиялайди, ўқувчиларнинг умумий тараққиёти даражасини ўстиради ва уларнинг шахсий сифатларининг, дунёқарашларининг шаклланишига таъсир кўрсатади. Кейиги йилларда мактаб она тили дарсликлари ва ўқитувчилар учун нашр қилинган қўлланмалар материали мазмунига қўйилган талаблар анчагина ортди. Материалнинг асосий мезони матн ва алоҳида гапларнинг билимни бойитувчи қиммати, лексикуслубий аниқлиги, мавзу жиҳатдан хилма-хиллиги, ҳаётнинг турли томонлари билан боғланиши, матнларнинг ғоявий-мавзувий йўналтирилганлиги, кичик ёшдаги ўқувчиларга мослигидир.

Шундай қилиб, тилни ўрганиш жараёнида кичик ёшдаги ўқувчиларда илмий дунёқараш асосларини шакллантиришга ўқитувчининг методологик ёндашуви, ўқувчилар ўзлаштирадиган ижтимоий ҳодиса сифатида ривожланиб борувчи тил ҳақидаги билимлар мажмуаси, ўқувчилар ўрганиб оладиган билиш усули, тилни ўрганишга асос бўладиган материалнинг билим беришдаги, ғоявий-сиёсий ва бадиий қиммати ҳал қилувчи таъсир кўрсатар экан.

Ўқувчиларда дунёқараш асосларини шакллантириш кўп қиррали жараён бўлиб, у мактабда ва мактабдан ташқарида олиб бориладиган ўқувтарбиявий ишларнинг барча тизимида ҳал қилинади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. https://giu.uz/wp-content/uploads/4.2.-Boshlangich...

2. https://president.uz/ru

3. https://cyberleninka.ru/article/n/boshlan-ich-tali...

4. https://cyberleninka.ru/article/n/boshlan-ich-sinf...


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД