МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ: ТЎЙГА ТЎЁНА БИЛАН

ТАҲЛИЛИЙ  31.08.2020 16:44        214

Мактабгача таълим тизими... Тан олишимиз керак яқин йилларда бу соҳага эътибор деярли тўхтаган, мавжудлари ҳам инқироз ёқасида эди. Бироқ, модомики, баркамол авлод тарбиясига бел боғлаган эканмиз аввало, таълимни, тарбияни мактабгача таълим тизимидан бошлаш кераклиги, бу соҳага эътибор бирламчи бўлиши кераклигини шахсан Юртбошимизнинг ўзи айтди ва шу пайтдан буткул янги даврга қадам қўйилди. Албатта, бундай ислоҳотлар, бундай муҳим қарорларнинг қабул қилиниши замирида аввало мустақилликдек улуғ неъмат, мустақиллик яратган имконият, шароит турганини инкор этиб бўлмайди. Мана орадан ҳеч қанча вақт ўтмади ва мактабгача таълим тизимида жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Соҳа ходимлари эса бу борада ўз фидойиликлари, ватанпарварликларини намоён этмоқдалар.

Дарвоқе, айни кунларда Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги оила даврида кўтаринкилик ила нишонланмоқда. Гарчи юртимизда пандемия, коронавирус балоси хавф солиб турсада, бу руҳиятимизга, кайфиятимизга таъсир ўтказгани йўқ.

Халқимиз эса тантаналарга, тўйларга албатта, совға билан боради. Қолаверса, байрамларда туҳфалар – турли иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши аллақачон анъана тусини олиб бўлган.

Қашқадарё вилояти мактабгача таълим тизимида ҳам қатор янги иншоотлар, мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди. Ва бу шубҳасиз мустақиллик шарофати ила эканлиги бот-бот такрорланди. Аслида ҳам шундай. Бундай мамнунликни, шукроналикни эса ҳар бир манзилда, ҳар бир чеҳрада кўриш қийин эмас.

Дарвоқе, Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарё вилоятида 8 та давлат хусусий шерикчилик асосидани нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари янгидан иш бошлади. Уларда қамров 800 нафарни ташкил этди. Шунингдек, қайта таъмирланган ва мослаштирилган биноларда фаолият бошлаётган мактабгача таълим ташкилотлари ҳам талайгина. Айримлари ҳақида қуйида ҳикоя қиламиз.

ҚАРШИ ШАҲРИ:

ҚАЙТА ТАЪМИРЛАНДИ, ЯНГИДАН ЖИҲОЗЛАНДИ

Вилоят маркази - Қарши шаҳрида байрам арафасида 32- ва 50-давлат мактабгача таълим ташкилотларида қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, янги жиҳозлар билан таъминланди.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, 50-давлат мактабгача таълим ташкилотида шу пайтга қадар 240 нафар бола тарбияланган бўлса, реконструкция ишларидан сўнг мактабгача таълим ташкилоти 300 нафар болани қабул қилиш имкониятига эга бўлди. Ушбу мактабгача таълим ташкилотида гимнастика зали ҳам фойдаланишга топширилгани айниқса, барчага манзур бўлди.

ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ:

“КЎЗМУНЧОҚ”ҚА КЎЗ ТЕГМАСИН

Арафада тумандаги “Оқдарё” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Келдиҳаёт” ҳудудида тадбиркор Обид Эшбобоев ташаббуси билан рус ва инглиз тили фанига ихтисослаштирилган 25 нафар 3-7 ёшли болаларни қамраб олишга мўлжалланган “Кўзмунчоқ” оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида туман ҳокими Самад Ҳасанов, туман мактабгача таълим бўлими мудири Аслиддин Сатторов, тадбиркор Обид Эшбобоев, меҳнат фахрийси Шавкат бобо Юсуповлар сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, пандемия шароитида кўрсатилаётган саховат ва кўмак, ёшларимизга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида гапириб, тўпланганларни қўшалоқ байрам билан чин дилдан самимий табриклашди.

ДЕҲҚОНОБОД ТУМАНИ:

“БИЛОЛ БОЛАКАЙ” БОЛАЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

Деҳқонободда ҳам сўнгги пайтларда бу борадаги ишлар анчайин жадаллашган. Авваллари эса номигагина 1 ёки 2 давлат боғчалари ишлаган бўлсак, бугунги кунда нафақат давлат, балки нодавлат секторда ҳам ривожланиш сезилмоқда. Мана масалан, тумандаги “Айридевол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Довкамар” қишлоғида тадбиркор Жуманазар Шавкаров томонидан байрам арафасида фойдаланишга топширилган “Билол болакай” давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотинини олайлик. Тадбиркор 500 миллион ўз маблағи, 500 миллион имтиёзли кредит ҳисобидан барпо этилган мактабгача таълим ташкилоти 100 ўринга мўлжалланган ва барча шароитлар яратилган.

Бир-биридан шинам хоналар, овқатланиш, ўйнаш учун майдончалар кўриб кўз қувнайди. Шаҳардагидан қолишмайди.

ШАҲРИСАБЗ ШАҲАР:

ИҚТИДОРЛАР МАСКАНИ

Кўҳна ва қадимий Шаҳрисабз шаҳрининг марказида иш бошлаган “Кеш кичкинтойлари” давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақида бир сўз билан орзулар маскани дейиш мумкин.

Қуввати 100 ўринли, умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард 600 миллион сўмлик, шундан кредит маблағи 2 миллиард 200 миллионни ташкил этган мазкур масканда жаҳон стандарлари асосида шарт-шароитлар яратилган десак муболаға бўлмайди. Шунга яраша, болажонларга бериладиган таълим-тарбия сифатига ҳам эътибор қаратилади.

Бу маскандан келгусида буюк иқтидор эгалари, машҳур инсонлар, спортчилар етишиб чиқишига шубҳа йўқ. Зеро, мақсад ҳам шу.

МУБОРАК ТУМАНИ:

КЕЛГУСИДАГИ РЕЖАЛАР КАТТА

Тумандаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Шуҳрат Жўраев ташаббуси билан 100 ўринга мўлжалланган “Ширинтой жажжи болажон” давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилгани ҳам муборакларликлар учун қувончли хабар бўлди.

Бу ерда болажонларга сифатли таълим ва тарбия бериш учун барча қулайликлар яратилган. Айниқса, инглиз ва рус тилларини чуқурроқ ўргатишга алоҳида эътибор қаратилган. Таълим-тарбия жараёни тўлиқ камерал назоратга олинган. Ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этиш натижасида 20 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Келгусида ушбу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш мақсад қилинган.

КИТОБ ТУМАНИ:

БИРИ КРЕДИТ АСОСИДА, БИРИ ЭСА ЎЗ МАБЛАҒИ ҲИСОБИДАН

Юртимизда, хусусан, Қашқадарёда давлат хусусий шерикчилик ва оилавий мактабгача таълим ташкилотларининг сони тобора кўпайиб бормоқда. Тадбиркорларнинг бу соҳага пул тикишлари, таваккал қилишлари ортида, аввало соҳа учун яратилган кенг имкониятлар, имтиёзлар бўлса, кейингиси шу юртга дахлдорлик ҳиссидир. Зеро, қайси манзилга бормайди, қайси тадбиркор билан суҳбатлашмайлик, “қилган ишимдан фойда кутмайман, мана шу элга фойдаси тегса, фарзандларимиз баркамол бўлса бўлди” деган гапни эшитдик. Бу ҳам бир ватанпарварлик, бу ҳам фидойилик.

Тумандаги Панжи қишлоғидаги “Истеъдодли болажон” давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг лойиҳа қиймати 1 миллиард 300 миллион сўм. Шундан 959 миллион сўми кредит асосида, 341 миллион сўм эса тадбиркор ҳисобидандир. Масканда 50 нафар болажонлар тарбияланиши учун етарли шарт-шароит яратилган. Ҳудуд аҳолиси эса бундан мамнун.

Тумандаги яна бир боғча – “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғини, Кулолчилик кўчасидаги “Звёздочки космоса” мактабгача таълим ташкилотини эса тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан ташкил этган. 1 миллиард 500 миллион сўм ҳисобига ишга тушган ушбу маскан 150 нафар болаларни ўз бағрига олади.

ХУЛОСА ЎРНИДА...

Карантин талаблари юмшатилиб, давлат хусусий шерикчилик, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилар экан Мустақиллик байрамига том маънода туҳфа бўлган юқоридаги каби мактабгача таълим ташкилотлари ўз бағрини болажонлар учун очмоқда. Етарли шароит, малакали билим, таълим-тарбия эса болажонларимизни келгусида етук инсон бўлиб улғайишларига замин яратади.

Фурсатдан фойдаланиб барча қашқадарёликлар, хусусан, мактабгача таълим тизимидаги соҳа ходимларини, ота-оналар, жажжиларни Мустақиллигимизнинг 29-йиллиги билан муборакбод этамиз! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Қашқадарё вилоят Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД