ТАБИАТНИ АСРАШГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

МАҲАЛЛИЙ  14.10.2020 21:23        182

Юртимизнинг ҳар бир қарич ери олтинга тенг. Унинг мусаффо ҳавоси, гўзал табиати, зилолдек тиниқ ва шифобахш сувлари, набобат ва ҳайвонот олами, ўзининг ажойиб таровати, гўзал манзараси билан кишини ўзига жалб этадиган ажойиб тоғли маконлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этиши, ҳайратга солиши аниқ. Буларнинг барчаси кишини. Уларнинг чекcизлигидан инсон ўзини жуда кичик бир заррадек ҳис этади. Мана шундай бетакрор гўзалликни асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш ҳар биримизнинг унутилмас бурчимиздир.

Дарҳақиқат, инсоният олдидаги долзарб вазифалардан бири — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, асраб-авайлаш, глобал экологик инқирозга йўл қўймаслик ҳисобланади. Ахир экологлар яқин 50 йилда сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хиллик қарийб 50 фоизга камайиши ва бу аянчли оқибатларга олиб келиши ҳақида бизни бежиз огоҳлантирмаяпти. Буни сайёрамизда инсон томонидан ҳосил қилинган чиқинди миқдори табиий пайдо бўладиган миқдорга нисбатан 2 минг баробар кўплиги, ҳайдаладиган ерларнинг 40 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун мутлақ яроқсиз ҳолга келтирилганидан ҳам англаш мумкин.

Шу боис мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча жабҳалар қаторида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилиб тўлақонли ҳуқуқий-меъёрий база яратилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрда “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги” тўғрисидаги” Фармони қабул қилинди.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирларни қамраб олган 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини 2019-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди.

“Йўл харитаси”да Ўзбекистон Экологик партияси олдига хам қатор вазифалар жумладан, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда кенг кўламли тарғибот фаолиятини ташкил этиш ишларини кучайтиш, ёшларда атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни шакллантириш, табиатни сақлаш, ҳаво, сув ва тупроқ ифлосланишига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зиён етказилишига йўл қўймасликка қаратилган вазифалар белгилаб берилган. Ушбу вазифалар Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлари, фаоллари ва партиянинг “Аёллар қаноти” аъзолари томонидан атроф-муҳит мусаффолигига эришиш ва экологик муаммоларнинг олдини олишда аҳолининг, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик маданиятини ошириш борасида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.


Баҳор ойларида “Бир миллион дарахт” акцияси кенг кўламда ташкил этилиб, партия фаоллари қаровсиз ётган майдонларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб бордилар. Аҳоли яшайдиган уйлар атрофидаги чиқиндихоналарнинг тоза сақланиши ва чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилишини назорат қилиш мақсадида экорейдлар ўтказилиб, масъулларни ўз вазифасига нечоғли эътиборли эканликлари устидан назорат ўрнатилмоқда.


Партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан ҳам маҳалларда, мактабларда, корхона ва ташкилотларда кенг миқиёсда ташкил этилган “16-сентябр Бутунжаҳон озон қатламини мухофаза килиш куни”га, “19- сентябр Бутунжаҳон тозалик куни акцияси куни”га бағишланган тадбирларда кенг жамоатчилик, шунингдек, хотин-қизлар қамраб олинди. Бундан ташқари соғлом хаёт тарзини тарғиб этувчи тадбирлар, “Она ва бола саломатлигини мустахкамлашга қаратилган давлат дастурлари ижросини таъминлашга кўмаклашиш борасида партия “Аёллар қаноти”нинг вазифалари” мавзусидаги давра сухбатларида экологияни асраб-авайлаш инсон ҳаётини асраб-авайлаш эканлиги, ёш ўсиб келаётган авлод тарбиячилари бўлган аёлларимизни бу борадаги вазифалари муҳокама қилинди. Бундай тадбирлар фарзандларимизнинг табиатга нисбатан бўлган муносабатларини оқилона шакллантиришда албатта ўз аҳамиятига эга бўлди. Шунингдек, тадбирларда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилишга эришилди.

Амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар замирида албатта, юртимиз табиати ва табиий неъматларни асраб-авайлаш, уларни кўпайтириш, келгуси авлод учун мусаффо осмон, тиниқ сув, тоза ҳаво ва обод Ватан қолдириш ҳиссини кучайтириш мақсади мужассамдир. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида тайёрланган кўргазмали материаллар ва ўтказилган тадбир юртдошларимизни ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаш, биохилма-хилликни асрашга чорлайди. Энг муҳими шу муқаддас заминнинг фарзанди эканлигимиздан фахрланиш туйғуларини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.


Табиатнинг ўзи заргарга ўхшайди. Унинг бағридан униб чиққан ҳар бир гиёҳ, ҳар бир дарахт, ўрмонлар, ҳайвонот олами ўзига хос бир оламдир. Бу табиий бойликка дахл қилинишининг олдини олиш, муҳофаза қилиш фақат шу соҳа ходимларининг иши эмас, балки барчанинг бурчидир. Чунки, биз яшаётган ҳудуд мусаффолиги, экологик мувозанат барчамизга бирдай дахлдордир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиатда турларнинг ривожи бамисоли занжирдек бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, улар ўзаро яхлит экотизимни ташкил этади. Ҳатто бир гиёҳнинг йўқолиши ҳам яшил оламнинг мувозанати бузилишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

Мухтасар қилиб айтганда, она табиатга ҳар биримиз меҳр-муҳаббатли бўлайлик. Оилаларда, маҳалла ва қишлоқларда экологик тарбияни кучайтирайлик. Орасталикка риоя қилишимиз, гулу гиёҳлар маскани ва дарахтзорларни авайлаб парваришлашимиз зарур. Агар биз табиий гўзалликларга зиён етказмасликни одат қилсак, авлодлар келажаги ва хаётнинг давомийлиги учун шунчалик кўп қайғурган бўламиз.

Ўзбекистон Экологик партияси
Қашқадарё вилоят Кенгаши аёллар қаноти етакчиси Г.Рустамова


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД