ТОЛИМАРЖОНДАГИ “ДАХЛСИЗ ҲУДУД” ёхуд “монархия”га айланган давлат корхонаси

ТАНҚИДИЙ  08.02.2019 20:45        1840



Фуқаролик жамияти, инсон манфаатлари... мустақилликка эришганимиздан буён амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида мана шу мақсад ва муддао назарда тутилган. Фуқаролик жамиятининг энг кичик бўлагини оила деб билсак, меҳнат жамоалари ҳам шу жамиятнинг ажралмас қисми, муҳим бўлаги ҳисобланади.

Дунё тажрибасидан маълумки касаба уюшмалари каби йирик ташкилотлар айнан шу мақсадда фаолият юритади. Бироқ, раҳбарият ёки айрим кимсалар томонидан мана шундай эзгу ишлар чиппакка чиқса, барбод бўлса, шахсий манфаатларга йўналтирилса, додингизни кимга айтасиз. Қуйидаги воқеа мана шундай ислоҳотларга терс ҳолатни кўриш мумкин, десак муболаға қилмаган бўламиз.

ЙЎҚОЛГАН ВА СИНАЁТГАН ИШОНЧ

Толимаржон ИЭС УКнинг Ўзбекистон энергетика саноатида ўз ўрни ва мавқеига эга, йирик ташкилот. Бу корхонада бугунги кунда 1400 нафар инсон меҳнат қилмоқда. Таъбир жоиз бўлса, Нуристон шаҳарчасидаги инфраструктуранинг шаклланиши, уй-жойлар барпо этилиши, маданий-маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларининг фаолияти... барча-барчаси корхона ишчи-хизматчилари манфаати учун қилинган. Бугун бу ердаги ободлик ва фаровонлик албатта, кишини қувонтиради. Бироқ, бир вақтлар йўлга қўйилган, эътироф этилган рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш “тизими” нега ишламай қолгани, бу эса корхона ишчи-хизматчиларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Хўш, ростдан ҳам Толимаржон ИЭС УК раҳбари, раҳбариятига нега бу қадар ишончсизлик билдирилмоқда? Муаммо қайси бўғинда?! Раҳбардами, ишчи-хизматчилардами ёки бошқа...

БИЗНИ ТИНГЛАШМАЙДИ, НЕГА?

Қудрат Авезов,

Толимаржон ИЭС УК сув таъминоти назоратчиси:

-Ноҳақлик, порахўрлик ва адолатсизликни кўраман десангиз, бемалол бизнинг корхонага келаверинглар. “Ўзбекэнерго” АЖ раҳбариятига бориб учрашсангиз эса ёлғончилик, алдов ва кўзбўямачиликни кўрасиз. Бундай дейишимга сабаб, мен ва менга ўхшаган юзлаб ишчи-ходимлар юқорида келтирилган даъволардан ҳақиқат топа олишмаган. Қандай топишсин? Ахир берилган уйларда кўп йиллик корхона ишчилари эмас, директоримизнинг таниш-билишлари, у киши айтганидек, “асосий ва керакли мутахассислар”, корхонага алоқаси йўқ одамлар яшашади. Бир неча йил ишлаб тажриба тўплаган инсонлар ихтисослашув туфайли ишдан бўшатилиб, уларнинг ўрнига янги кадрлар олинади ёки иш ҳақларнинг оширилиши билан боғлиқ “ўйинлар”, қўшимча ёрдамчи хўжаликларнинг талон-тарож қилиниши, хуллас қисмли ва тизимли бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган ноҳақликлардан безиган юзлаб, йўқ, минглаб инсонлар бизнинг Толимаржон ИЭС УК да “жавлон” уриб хизмат қилишмоқда.

Маҳмаюсуп САЛОМОВ,

Толимаржон ИЭС УК Ҳарбийлашган қўриқлаш бўлими етакчи муҳандиси:

-15 йилдан буён шу корхонада турли лавозимларда ишлаб келаяпман. Аслида ташкилотимизда бўлаётган адолатсизликлардан безиб аввало, 27.11.2018 ҳамда 14.12.2018 йилда “Ўзбекэнерго” АЖ раиси У.М.Мустафаевга такрор-такрор телеграмм орқали қилган мурожаатларим эътиборсиз қолди. Шундан кейин барчасига қўл силтадим. Аммо, барибир кўз ўнгимда бўлаётган ноҳақликлар мени тинч қўймаяпти. Аввало, ажратилган ва ҳозирда ҳам корхона ҳисобида бўлган бўш турган уй-жойлар масаласи. Бу уйлар кўп йиллар давомида шу ташкилотга меҳнати сингган, қолаверса, уй-жойга эҳтиёжи бор корхона ходимларига, ҳақиқатдан умрини шу корхона, энергетика соҳаси учун сарфлаган мутахассисларга ажратилган. Бошиданоқ, шу мақсадда қурилган кўп қаватли ва бошқа хонадонлар корхонага умуман алоқаси йўқ кишиларга берилган. Масалан, собиқ Нишон туман ИИБ бошлиғи Холмуродовга корхона ҳисобидаги 23-уйнинг 16-хонадони берилган. Бу инсонни уйдан нима мақсадда фойдаланганини ҳам ҳамма билади. Таниш-билиш ва қариндош-уруғ, қишлоқдошу-маҳалладош, қуда-анда ёки кимнингдир арзандасига берилган бу уйлар аслида эҳтиёжманд ва доимий равишда шу корхонада ишлаб келаётган ходимларга берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳар ҳолда адолат қарор топса ва бизни кимдир тингласа... Қани эди...

Зайниддин АШИРОВ,

Толимаржон ИЭС УК 4-даражали чилангар:

-Мен ҳам бу ташкилотда мана 19 йилдан буён фаолият юритиб келаман. Оилам билан акамнинг хонадонида яшаймиз. Уч нафар вояга етмаган фарзандим, рафиқам қарамоғимда. Юқорида кўтарилган масала ҳақиқатдан долзарб муаммо. Бир кишининг эмас, кўплаб ходимларнинг муаммоси десам муболаға бўлмайди. Шу масала бўйича раҳбариятга мурожаат қилганимда “номингизда уй бор сизга бера олмаймиз”, деган жавобни олганман. Тўғри, буни инкор этмайман, аммо у ерда тақдир экан, менинг биринчи оилам ва фарзандларим яшашади. Ва бу уйни ўз меҳнатим билан пешона терим эвазига сотиб олганман. Уни ташкилотга умуман алоқаси йўқ. Асосий муаммо ходимларга фақат уй-жой беришда эмас, корхонага алоқаси йўқ, ёки директорнинг ўзи билган яқин одамларига давлат томонидан қурилган уйларни тортиқ қилишида. Бу ерда эса тили тиши орасида қолган бечора халқ дардини кимга айтишини билолмай эзилиб ўтирибди. Бундан ташқари, корхонада ишдан ташқари, спорт билан шуғулланиб ишчи-ходимларнинг фарзандларини тарбиялаб Европа ва Осиё чемпионлари етиштириб чиқараяпмиз. Аслида корхона тасарруфида ва ҳомийлиги асосида очилган спорт секцияси ҳам эътиборсизлик ва масъулиятсиз оқибатида таназзулга йўл тутмоқда.

Худойқул Қўлдошев,

Толимаржон ИЭС УК ишчиси: 26 йил бўлди шу корхонада иш бошлаганимга. Кўп йиллардан буён ижарада яшайман. Рафиқам билан турмушимиздан фарзанд бўлмади. Шундан кейин 2 нафар болани бирин-кетин фарзандликка олишга қарор қилдик. Аммо, уларни расмий фарзандликка қабул қилиш учун доимий яшаш жойи, иш билан таъминланиш ва етарли шарт-шароит бўлиши керак экан. Бу қонунда кўрсатиб ўтилган. Директоримизга шу масалада бир неча марта мурожаат қилдим, аммо доим худди масхаралагандек мени тингламайди. Нима қилай, қўлим калта, лекин ўзим меҳнатдан қочмайман. Ёш йигит бўлганимда эди, балки ҳеч кимга сарғаймасдим. Хотиним бетоб, менинг қарамоғимда, ҳеч қаерда ишлай олмайди. Наҳотки, мен каби уй-жойга ва моддий ёрдамга муҳтож оддий ишчи-хизматчиларга ажратилган уйлар “оддий” ва “мутахассис” деган камситилишлар билан ёки корхонага умуман алоқаси йўқ кишиларга ўзини яхши кўрсатиш илинжида, “балки тили қисиқликдан” берилса-да, бизга ўхшаганлар кўчада қолиб, ижарама-ижара сарсон юраверсак? Ахир қани бу ерда адолат? Бунинг устига 20 йилдан буён бизга ўхшаганларнинг талаб-истак ва хоҳишларига қарамай, ташкилотнинг касаба уюшма қўмитаси раиси сайланади. У инсон эса бирортаям ходимнинг жонига оро кирганини эслай олмайман. Ахир касаба уюшмасининг ҳам ўзига яраша масъулияти, вазифаси бор-ку, шундай эмасми?

“ОЛТИН ЮЛДУЗ” УЧУН КУРАШМИ ЁКИ

МИЛЛАТ АЖРАТИШМИ...

Юртимизда “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони таъсис этилган. Бу унвоннинг ўзига яраша масъулияти ва вазифаси бор. Ҳар бир инсон кўксига тақилган олтин юлдузга муносиб бўлиш учун халқ ҳурмати, меҳри, ишончига эришиш ва албатта фидоий бўлиш ҳам шарт назаримизда. Корхонанинг электр цехи таъмирлаш бўлими катта устаси Отаёр Норимовнинг таъкидлашича, у 2013 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганида корхона директори ички хусумат туфайли ортидан кулганча доим:

-Мен турганда сизга орден беришадими? Балки “Олтин юлдуз” ҳам оларсиз, “герой” бўларсиз?! деганча истеҳзо билан устидан кулиб масхаралаганда ёки таъмирлашга тайёрлаш ва ўтказиш бўлими бошлиғи Турдибек Алиевга:

-Нима қилсаям барибир сиз “тожик”сизда. Миллатингиз сабаб ҳеч ким билан келиша олмайсиз. Шу юртнинг фарзандиман десангиз ҳам барибир сиз билан ишлаш қийин. Айни шу сўзларни корхона директори бир неча маротаба такрорлаганида, афсуски Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 18-моддасини унутган кўринади.

“ЭСКИ” ВА “ЯНГИ”ЛАР

Корхонадаги кадрлар қўнимсизлиги борасида ҳам ўрни келганда айтиб ўтиш керакки. Чунки бу ҳам билдирилаётган эътирозларнинг аксариятини ташкил этади. Маълумки, бирор мутахассис малака ошириши, ўз касбини устаси бўлиш учун йиллар талаб этилади. Узоқ йиллик мана шундай тажрибали кадрлар эса корхонанинг фахри, таъбир жоиз бўлса юраги, “локомотиви” ҳисобланади. Аммо Толимаржон ИЭС УК раҳбари А.Нормўминов бундай фикрда эмас. Йўқса, “иқтисод қилиш” "фони" остида ишчиларни ишдан бўшатиб, сўнг яна ушбу ўринларга одам қидиргани, эълон берганини қандай тушуниш мумкин? Ахир, керак экан нега “эскилар” бўшатилди. Энди келган, тажрибасиз мутахассислар бўшатилганлар даражасига чиққунга қадар корхона зиёнга ишламайдими?

Раҳбариятнинг бундай йўл тутишидан норози бўлган бош муҳандисга “юқоридан” яъни, “Ўзбекэнерго” ДАКнинг собиқ раҳбарининг топшириғи” деган иддао билан жавоб берилган. “Эски”ларнинг бўшатилишию, “янги”ларнинг қабул қилинишидан раҳбарият, хусусан, раҳбар қандай манфаат кўрди ёки кўради? Бу саволларга жавоб топиш корхонанинг юқори турувчи назорат органининг вазифаси, назаримизда.



РАҲБАРИЯТ НИМА ДЕЙДИ?

Юқорида танишганингиздек, ишчи-ходимлар номидан вакиллар ўз сўзларини айтишди. Таъкидланишича, Толимаржон ИЭС УК раҳбари, раҳбарияти, корхонанинг касаба уюшмалари вакиллари қатор масалаларда ишчи-хизматчиларга ноҳақлик қилишмоқда. Уй-жой ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги камчиликлар ҳам санаб ўтилди. Бу муаммонинг бир неча йиллардан буён давом этаётгани ҳам. Хўш, бунга корхона раҳбари нима дейди?

Толимаржон ИЭС УК директори:

Абдусами Нормўминов: Бўлмаган гап. Бу ҳаммаси иғво. Эътибор берган бўлсангиз, юртимиздаги ҳеч бир ташкилот ўз ишчи-ходимларига уй-жой қуриб бермайди. Мен бизга мурожаат қилиб кирганларга бу ҳақда бир неча маротаба айтганман.

Корхона ҳисобида турган бўш уй-жойларга келсак, улар аввало мутахассисларга ва давлат ташкилоти ходимларига хизмат ва турар жой сифатида берилган. Жумладан, ДХХ, Ички ишлар ходимлари шулар жумласидан. Шуни айта оламанки, мазкур корхонага олти йилдан буён директор вазифасида ишлаб келаяпман. Корхонанинг ички қарори ва йиғилиш баённомасига кўра, бир эмас, бир неча маротаба уй билан таъминланган ходимлар ҳам уй сўраб мурожаат этаверишади. Уларга уйни қаердан топиб бериш мумкин?

(Қизиқ, корхона директорининг изоҳига эътибор қаратинг: Қандай қилиб уй-жой билан таъминланган ходимга яна қайтадан уй бериш мумкин? Директорнинг сўзларидан бу ерда ноҳақлик ва қонун бузилиши кузатилмаганмикин? Ахир, йиллаб навбатда турганлар-чи? Уларнинг тақдири, келажаги ва бугунги куни ҳеч кимга қизиқ эмасми?)

Афсуски, бир эмас, бир неча маротаба уринишларимизга қарамай, корхонанинг касаба уюшма қўмитаси раиси Анвар Ашуров билан боғлана олмадик. Бизга билдирилган ҳақли эътирозларда айнан касаба уюшма қўмитаси қаттиқ танқид остига олинган эди.

ЙИРИНГ БОҒЛАГАН “ЯРА”

Мана икки томоннинг ҳам фикрлари ўртага ташланди. Албатта, бу масала “Ўзбекэнерго” даражасида ҳам, вазирлик даражасида ҳам, туман хокимлиги ҳаттоки виртуал қабулхона даражасида ҳам ўрганилган, муҳокама этилган. Биз улардан ўтиб нимадир дейиш фикридан йироқмиз. Аммо, бизни ўйлантирадигани, ҳамон муаммонинг мавжудлиги. У бартараф этилиш ўрнига йиринг боғлаб, мияга лўққиллаб оғриқ бераётган ярага ўхшайди. Бир куни бу корхонадаги муаммолар ечимини топмаса, оғир оқибатларга олиб келиши кундек равшан.

ХОЛИС ХУЛОСА

Хўш, Толимаржондаги бу “дахлсиз ҳудуд” – яъни, кўланкаси майдон бу корхона раҳбарию раҳбариятини, бу ердаги муаммоларни бартараф этишни замоннинг ўзи тақозо этаётган бир пайтда тартибга чақирадиган, ҳеч қурса мавжуд вазиятга ойдинлик киритадиган, масалага узил-кесил нуқта қўядиган валломат бормикан? Бор. Биз бунга ишонамиз. Ва улардан жавоб кутиб қоламиз. Зеро, бугун халқ розилигига эришиш, аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг турмушдан розилигини ошириш устувор масаладир.

P/S:

Мақола ёзилиши давомида бизга корхона ишчи-хизматчилари томонидан телефон қўнғироқлари орқали яна кўплаб мурожаатлар бўлди ва бўлаяпти. Бундан ташқари, “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан тушунарсиз бўлган қўнғироқларни ўз иш фаолиятини бажараётган журналистга нисбатан қўлланган босим деб қабул қилдик. Ишончимиз комилки, мазкур вазиятга алоқадор мутасаддилар вазиятга ойдинлик киритишади ва ҳақиқат қарор топади. Биз МАВЗУГА ЯНА ҚАЙТАМИЗ!


МУҚАДДАС ИСМОИЛОВА


  • 02.09.2019
  • Яхши

КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД