Қашқадарё Вилоят ДСЭНМ нинг 2 та муҳри борми? Уларнинг қай бири ҳақиқий?

ТАНҚИДИЙ  16.02.2019 18:34        1082

Шунақаси ҳам бўларкан-да!”


Бир ташкилотга, бир муассасага бир хилда икки муҳр бўлиши мумкинми? Бу ҳолатда кимга ишониш керак. Қолаверса, қайси мухр ишончли, уларни ишлатаётганлар-чи? Аянчлиси эса, қалбаки муҳр орқали қанчадан-қанча қинғир ишларнинг қилинган. Айниқса, бу тиббиёт соҳасида, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ масала бўлса, мухрнинг аҳамияти янада ошади. Хуллас, қуйида шулар ҳақида сўзлашамиз.

ҚЎШМУҲРЛИ МУАССАСА

Таҳририятимизга Қашқадарё вилоят давлат санитария эпидемиология назорат маркази вирусология лабораторияси ходимлари Х.Қурбонова, М.Тўлаева томонидан мурожаат келиб тушди. Мурожаат мазмунига кўра, вирусология лабораториясининг муҳри қалбакилаштирилган! Хўш, бу нима дегани? Вирусология лабораторияси номидан иш кўриш қандай оқибатларга олиб келишининг ўзи қўрқинчли. Тасаввур қилинг, тиббиёт ходими ҳар ярим йилда тиббий кўрикдан ўтиши ва ўзида юқумли касалликлар мавжуд эмаслигини тасдиқлатиши лозим (йўқса, унинг ўзи касаллик ўчоғига айланиб қолади-да). Ходим келди ва лабораториядаги текширишлардан ўтишга эринди ёки истамади. “Канал”лар орқали ҳужжатига қалбаки муҳрни бостириб, ортига қайтди. Агарки, ростдан ҳам касалликка чалинмаган бўлса хўп-хўп. Аммо бирор юқумли касаллик “илаштирган” бўлса-чи? Кимни даволаса, кимдан қон олса, кимга тиббий ёрдам кўрсатса, ўшанга касаллик юқтириб юраверади-да. Энди масала моҳиятини англадингиз. Ва ўша қалбаки муҳрнинг нима учун керак бўлишини ҳам...



НЕГА РАҲБАРИЯТ ЖИМ?!

Бу ҳақда вирусология лабораторияси ходимлари билган экан, раҳбариятга мурожаат этишмадими, деган ҳақли савол туғилади. Мурожаат этишган. Оқибатлари ҳақида ҳам огоҳлантирилган. Аммо раҳбарият жим!!! Нега?! Нима сабабдан?! Бу ҳақда кейинроқ...

2018 йилнинг 29 октябрь санаси билан рўйхатга олинган талабномада Қашқадарё вилоят ДСЭНМ ходимлари Д. Қўчқоров, Х..Қурбонова томонидан Қашқадарё вилоят ДСЭНМ бош врачи Ш.Шеровга вазият ҳақида айтиб ўтилган. Хатни айнан келтирамиз:

“Ҳурматли Шербой Норбоевич ДСЭНМ ходимлари томонидан ушбуни ёзиб иккинчи бор Сизга ва вилоят прокурорига маълум қилишга тўғри келмоқдаки, шу ҳақидаги лаборатория муҳрининг қалбаки ёки иккинчи нусхаси борлиги ва ноқонуний жиноий тарзда ишлатиб келинаётганлигини 2015-2018 йиллар давомида тиббиёт ходимлари тиббий кўрикдан сохта соғлом эканликлари ҳақида уюштирилган жиноий ҳаракат, яъни касаллик кўпайишига сабаб бўлмоқда”.

Ҳурматли Ш.Шеровга ва вилоят прокуратурасига биринчи мурожаат ҳам бўлган. Бу 2018 йил 28 сентябрь санасига тўғри келади.

ҲАММАМИЗ “ЧЕМОДАННЫЙ” КАЙФИЯТДАМИЗ


Хўш, бу ҳақда Қашқадарё вилоят ДСЭНМ бош шифокори Шербой Шеров нима дейди?

-Бу ҳақда шуни айта оламанки, ҳозир ташвишимиз ўзимизга етарли. Буниси энди ортиқчалик қилади. Ҳали ташкилотимиз ўз фаолиятини давом эттирадими ёки йўқми бу ҳам савол остида турибди. Чунки, бизда ихтисослашув (оптимизация) жараёни бошланиши керак. Ҳаммамиз “чемоданный” кайфиятдамиз.

Қизиқ, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ ташкилот бугуни, ўтмиши ва келажагидан ёки обрўсизланишидан эмас, балки, ноқонуний фаолиятнинг очилишидан чўчиса? Бу ерда манфаатдорлик йўқмикин, деган ўйга ҳам борасан киши.

Тасдиқланмаган манбаларга кўра бу масала юзасидан бош шифокор ўринбосари йиғилиш ўтказган. Ўринбосар лаборатория ходимларига “Бу сохта муҳрни борлигини ҳеч кимга билдирмаймиз. Уларга жазо бермаймиз, биз уларни кечирамиз. Сохта муҳр кимда бўлса, менинг “кабинетим” эшиги остига ташлаб кетинглар. Бош шифокор эшиги остига ташлаб кетсанглар, у ерда камера бор. Шунинг учун эҳтиёт бўлинглар” дея тайинлаб қўйган.


МАСЪУЛИЯТСИЗ МАСЪУЛЛАРНИНГ МУНОСАБАТИ


Мана раҳбариятнинг муносабати. Мана сизга аҳоли саломатлигига масъул бўлганларнинг “масъул”лиги. Нима дейишга ҳам ҳайронсан, кулишингни ҳам, куйишингни ҳам билмайсан. Комил ишонч билан айта оламизки, ўринбосарнинг эшигини тагига ҳеч ким ўша қалбаки муҳрни ташлаб кетмаган ва ҳали ҳамон у муҳр ишламоқда! Ҳали ҳамон кишиларнинг соғлиги хавф остига қўйилмоқда!

Қўшмуҳрли муассаса раҳбарияти, қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳам, мутасаддилар ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратадилар ва тубига етадилар деб умид қиламиз.


МУҚАДДАС ИСМОИЛОВА


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД