Қашқадарёлик аёлнинг оҳу- фарёди: уларга исталган одамга “қўл кўтариш учун ваколат” берилган экан.

ТАНҚИДИЙ  07.07.2019 03:20        1087


Юртимизда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни иш билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, жорий йилда Президент томонидан илгари сурилган Ёшлар тарбиясида 5 та муҳим ташаббуснинг бешинчи йўналишида хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи илгари сурилган. Бу борада жойларда қандай ишлар амалга оширилмоқда. Ростдан ҳам, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланаяптими?

Аввалроқ, ахборот сайтимизнинг телеграм каналида Нишон туманида истиқомат қилаётган Мухлиса Алиева томонидан видеомурожаат эълон қилинган эди. Видеомурожаатда М.Алиева ўзи, қайнонаси ва онаси “форма кийган шахслар” томонидан калтакланганлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Воқеа қандай бўлган?

Аёлларга куч ишлатиш, уларни таҳқирлаш ва буни касб доирасидаги вазифа деб баҳолаш қонунийми? Аввало ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ғазабини келтирган ҳолат ҳақида:

Воқеа жорий йилнинг 26-апрелида Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани Нуристон шаҳарчаси “Нурчи” МФЙдаги Талимаржон ИЭС га қарашли бўлган ҳали қурилиши тамомланмаган уйларда содир бўлган. Оилавий можаролар ичида яшаётган Мухлиса Алиева турмуш ўртоғи Талимаржон ИЭС УКда бир неча йилдан буён ишлаб келаётганлиги сабабли ташкилот ҳисобида бўлган, аммо қурилиши тугалланмаган ва бўш турган уйлардан бирига қайнонаси билан вақтинчалик кўчиб киришга мажбур бўлади. Ҳар ҳолда у ўз мурожаатида шундай деган. Кейинчалик у билан кўришганимизда оилавий шароити, бугунги кундаги аҳволи ва энг муҳими бир фарзанди билан турмуши бузилиб кетиши мумкинлигини, ачинарлиси эса, бу ҳолатга на маҳалла раиси, на туман ҳокимли ва на бирор-бир мутасадди эътибор қаратмаётганлигини ҳам келтириб ўтган.

“Эгасиз уйлар кимга ваъда қилинганлигини билмадиг-у, ҳали қурилиши тугалланмаган бу жойларда ташкилот қўриқчилари томонидан жиддий қўриқлаш ишлари олиб борилади”. Буни мурожаатни ўрганиш учун борган пайтимизда ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Махсус кийимли қўриқлаш хизмати ходимлари бутун кўча бўйлаб ҳар бир уй ёнида кечаю-кундуз навбатчилик қилишар экан. Хуллас, Мухлиса Алиева ва унинг қайнонасининг рухсатсиз ҳамда огоҳлантиришсиз кўчиб кириши назоратчиларга хуш келмайди. Натижада “уддабурон мўштумзўрлар” аёлларга тушунтириш ишларини ўзлари олиб боришни лозим топишади. Яъни, ташкилот мулкига “ноқонуний эгалик қилмоқчи бўлганлар” билан тегишли идора вакиллари ёки раҳбарият аралашуви орқали эмас, шунчаки ўзлари “гаплашиб қўймоқчи” бўлишган. Суҳбат шу қадар тарбия меъёрларига зид равишда бўлганки, бу ҳолат яширин ва тезкор телефон камера объективларига ҳам муҳрланган. Аммо, қўриқчиларнинг сўзларига кўра, уларнинг бу каби хатти-ҳаракати қонуний бўлиб, уларга исталган одамга “қўл кўтариш учун ваколат” берилган экан.


Нима аслида қандай, ким аслида ким?

- Биз уйга кирганимизда соат 23:00 лар атрофи эди,-дейди Мухлиса Алиева. Уй қурилиши тугалланмаган, шу боисдан уни супириб-сидириб одам яшаса бўладиган ҳолга келтирдик. Онам, қайнонам ва мен биргаликда ўтириб энди нима қилиш ҳақида маслаҳатлашиб олмоқчи бўлдик. Турмуш ўртоғим тунги навбатчиликда эдилар. Соат тунги 15:00 ларда 5-6 нафар форма кийган эркаклар кириб келиб бизни дўппослай кетишди. Қайнонамнинг кўзлари яхши кўрмайди. У киши нима бўлаётганини англаб-англашга улгурмай кириб келиб кўрпа-тўшакларни, кийим-кечакларни ҳар тарафга отаётган ва бизга куч ишлатаётганларга тинимсиз: “Шошманглар, мени эшитинглар, кимсизлар ахир” дердилар холос. Онам азадор либосда эдилар. Кўз ўнгимда онамни шу кийимлари билан кўтариб ҳовли томонга отиб юборишди. Қайнонамни эса зарб билан уришганида пешонаси деворга тегиб ҳушини йўқотди. Мен қўрқиб кетиб бор овозда дод солиб бақириб юбордим. Шу атрофдаги қўни-қўшнилар, яхши одамлар бизнинг оҳу-додимизни эшитиб келишди. Бир амаллаб ўша ваҳшийларнинг қўлидан қутқариб олишди. Бу ишимиз ноқонуний эканлигини билмаган эдик. Рости, мен хўжайиним шу ташкилотда ишлагани учун, оилам бир бошпана туфайли бузилиб кетмасин деб шу ишга қўл урдим. Биз-ку, оддий аёллар, уй бекаларимиз. Балки қонунни билмаганимиз ёки тушунмаганимиз учун шу ишга қўл ургандирмиз. Аммо, улар аёл кишини (бунинг устига онаси қатори) инсонни шу даражада хўрлаб қўл кўтариш мумкинми? Бу қайси қонунчиликда кўрсатиб ўтилган?

Бизнинг ваколатимиз бор...

Хўш, бу борада иккинчи тараф нима дейди? Ахир танганинг бошқа томони ҳам бор-ку. Туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Собир Худойқулов билан биргаликда “Нурчи” маҳалласига бордик. Бизни маҳалла раиси Камол Сафаров кутиб олди.

“Нурчи” МФЙ раиси Камол Сафаров: Аслида бу хунук воқеани кечроқ эшитдим. Менга айтишди. Иш билан бўлиб, ҳол сўрашга ҳам бора олмадим. Аниқроғи, қўлим тегмади. Бу жувон ростдан ҳам бизга оилавий масалалар бўйича бир неча бора мурожаат қилган. Узр, бу борада айбимиз бор. Бироз эътиборсизлик қилганимни тан оламан. Энди бу каби ҳолатлар такрорланмаслигига ҳаракат қиламан.

Бундан ташқари, Камол Сафаров маҳалла инспектори Тўлқин Ризвонов ҳақида шундай деди:- Маҳалламиз инспектори очиғи, бироз “олифта ва ғўдайганроқ”. Шу боисдан унга сўзим ўтмайди.

Яна бир бора ҳайратимизни яшира олмадик. Наҳотки, бутун маҳалла эшитган воқеани маҳалла раиси эшитмаса? Тавба, ишонишни ҳам ишонмасликни ҳам билмайсан киши. Эътиборсизлик ҳам шунчалик бўладими? Бунинг устига халқни ҳимоя қиладиган инспекторнинг бефарқлигини “олифта ва гўдайишини” қандай тушуниш мумкин?

***

М. Алиева айтганидек, ростдан ҳам корхонага қарашли қурилиши тугалланмаган бу уйларни идоравий ҳарбий қўриқлаш хизмати ходимлари гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўриқлашаётганини кўрдик. Негадир бизни кўрган айрим “қўриқчилар” раҳбарият уларга ишониб топширган “пост”ларини ташлаб қочиб кетишди. Қизиқ, ахир шунчалик муҳим объектни қўриқлаб турган экан, унда нега қочишади? Қолганларидан эса биз ҳам, туман ҳокими ўринбосари Собир Худойқулов ҳам тайинли изоҳ ола олмадик. Фақатгина исмини айтишни истамаган бир қўриқчининг сўзларига кўра, “Бу раҳбариятнинг топшириғи. Улар эса буни бажаришаётган экан”. Тушунарли. Раҳбариятга хабар берилди. Улар ана борамиз, мана борамиз деб роса 1 соатга яқин вақтдан кейин қўнғироқ қилиб бора олишмаслигини, бунга сабаблари борлигини билдиришганидан кейин наилож, ортимизга қайтишга мажбур бўлдик. Бериладиган изоҳ телефон қўнғироғидан ҳам маълум бўлди.

Яна ёлғон, яна алдов

Воқеанинг эртаси куни Мухлиса Алиеванинг қайнонаси Ҳалима Шодмоновани “кечаги иш” учун кўргани келган Талимаржон ИЭС УК директори А. Нормўминов аёлларга “уйни тинчгина” тарк этиши учун айни дамда ташкилотда ишлайдиган Мухлисанинг турмуш ўртоғи Ҳамдам Самадовга ташкилот ҳисобидан 17 000 000 (Ўн етти миллион) сўм қарз бериб туришини, бу қарзни эса ишлаб-ишлаб ойлик маоши ҳисобидан узишини, берилган маблағга эса шаҳарчага кираверишда қурилаётган кам таъминланган оилаларга аталган уйлардан бирини сотиб олиши мумкинлигини ваъда қилади.

-Директор мени кўргани келганида 3 марта тез ёрдам келиб кетди. Кейинги гал келганида эса қон босимим ўта юқорилиги сабаб касалхонага олиб кетишди. Шахсан ўзим А. Нормўминов ўғлимни ёнига чақириб олиб, унга шу таклифни берганини эшитдим,-дейди Ҳалима Шодмонова. “Ҳамдам онангни ҳам, оилангни ҳам қийнаб нима қиласан. Шароитингни биламан, тушунаман. Шу маблағни олиб хоҳласанг уй қуришни бошла, хоҳласанг янги уйга тўлов қил. Лекин бу уйларни сизларга бера олмаймиз, тушунинглар” деди. Аслида биз каби қийналган ва шароит тақозоси туфайли бошпанага муҳтож оилаларга берилмасмикин, деган илинжда шу уйга киргандик. Начора, мен боламни ортиқча қийнашни истамай касалхонага кетдим.

Афсуски, ташкилотга борган Ҳ.Самадовга директор очиқчасига пул йўқлигини, ташкилот ҳозир бунақа маблағни “қарз”га беришга имкони етмаслигини билдиради. Тарвузи қўлтиғидан тушган Ҳамдам оиласига навбатдаги алдов ва ёлғон қурбони бўлганини айтади. Бу иш шу билан тўхтаб қолмайди. Афсуски, ўша тун бўлган жанжалда қилинган қўнғироқлар, чақирувларга қарамай келмаган (ва кейинчалик бу ҳақда изоҳ беришни истамаган) маҳалла инспектори Тўлқин Ризвонов кейинчалик Мухлиса Алиева ва унинг қайнонасини “ишни ёпиш учун” бир неча бора безовта қилади. Қизиқ, маҳалла инспекторининг хизмат вазифаси аслида ваколат доирасидаги иш бўйича ҳақиқатни тагига етиш ёки воқеага ойдинлик киритиш эмасми? Энг ёмони эса инспектор ҳатто мазкур иш бўйича М.Алиева томонидан тақдим этилган далилларни яшириб уни судга тақдим этмагани. Бу ғоят ажабланарли. Ҳар кимнинг инсофини ўзига берсин, деганлари шу ерда қўл келар-ов.

“Тепа”дан изланган нажот

Ҳам қонунбузар, ҳам жарбдийда бўлиб қолган М. Алиева нажотни “тепа”дан излашга қарор қилади. Афсуски, виртуал қабулхоналарга йўлланадиган мурожаатлар ҳам йўл-йўлакай, номига ўрганилаётганини инобатга олсак, бундан ҳам натижа чиқиши даргумон. Худди шундай бўлди ҳам. Ўзбекистон Республикаси Президенти номига 26.04.19 йилда мурожаат йўллаган аёл натижа бўлавермагач, 13.06.19 йилда яна бир маротаба мурожаат йўллайди. Аммо, афсуски № 46834-s/19-сонли мурожаат “айланиб-айланиб” яна корхона раҳбарияти қўлига келиб тушади. Улар эса ўз навбатида навбатдаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёлғон билан “аризани ёпишади”. Эмишки, корхонанинг 1.02.18 йилдаги корхона раҳбарияти ва Касаба уюшмасининг қўшма қарорига биноан корхона ҳисобидаги барча бўш уй-жойлар корхонадаги асосий цехларнинг юқори малакали мутахассисларигагина ажратилган бўлиб, Ҳ. Самадов “етук мутахассис” саналмайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.19 йилдаги 147-сонли қарорига кўра, бу уйлар туман ҳокимлиги балансига ўтказиб берилган. Хуллас, қисқаси, улар шу тахлит жавоб ёзилган хат орқали Ҳ. Самадовга “йўқ” дейишган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири А.Султонов номига ёзилган хат ҳам илова қилинган. Иккала мурожаат мазмуни ҳам бир хил. Ёзиладиган дард ҳам, ечимини кутаётган масала ҳам. Фақат кенг юрак ва ҳақиқатга тик боқадиган инсон керак холос. Шунда бир оила тақдири, инсон тақдири сўроқ остида қолмайди.

Муаммо бор, аммо ечим йўқ

Мақолани ёзиш давомида албатта туман мутасаддилари-ю, масала ечимига бош-қош бўлиши керак бўлган масъулларни излаб кўрдик. Аввало, жабр кўрганлар аёл бўлгани сабабли Нишон туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Шоҳида Хўжақулова билан боғландик:

-Ҳа, очиғи бу иш ҳақида эшитиб жаҳлим чиқди. Бир эмас, уч нафар аёлни аниқланишича, Талимаржон ИЭС УК қўриқчилари уриб уйдан ҳайдашганини кўрдим. (Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган видеони назарда тутаяпти.) Мурожаатчи аёлни исми-шарифи ёдимда йўқ. Ҳокимиятга келган экан. Афсуски, у билан учраша олмадим. Билганим шуки, бу иш билан туман ҳокимлигининг “Аёлларни ижтимоий ҳимоялаш маркази” раҳбари Шарофат Сафарова шуғулланганлар. Агар аниқ маълумотлар керак бўлса, у кишидан олиб бераман. Шу кунларда ишларим ҳам, топшириқлар ҳам кўп, узр.

Қизиқ, туман ҳокимининг ўринбосари, тағин хотин-қизлар қўмитаси раисининг жавоби шунақа бўлди. Масаланинг моҳиятини ҳам, мурожаатчининг кимлигини ҳам билмайдиган Шоҳида Хўжақулова қандай қилиб унга ечим топиши мумкин? Балки бунақа ишлар унинг ваколатига кирмас, йўқса икки ойдан буён “калтак еган аёллар”нинг тақдири билан қизиқиб кўрарди-да. Бундай дейишимизга сабаб, М.Алиева билан бир неча бор телефон орқали боғланганимизда ундан бу ҳақда кўп сўрадик. Аммо, эски тос, эски ҳаммом, дейди-ку халқимиз...

Туман “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари Маҳмуд Язданов: Воқеадан хабарим бор. Эшитишим билан бу ишга мутахассисларни жалб қилдим. Аввало, М.Алиева яшайдиган маҳалла раиси (ҳозирда у собиқ) Камол Сафаров билан боғландим. Марказимиз томонидан бу аёлларга имкон қадар амалий кўмак беришга тайёрмиз. Келгусида бу каби нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тузиб олдик.

Хўш, чора-тадбир тузилгани яхши, аммо уларнинг фақатгина қоғозда қолиб кетаётгани ачинарли. Бир оила тақдири ҳал бўламан деб турганда фақатгина “келажакда бўлиши мумкин” бўлган бу каби ҳолатларга фавқулотда тайёр бўлиш эмас, аксинча айни дамда содир бўлган мавжуд вазиятга эътибор қаратиш керакмасмикин?

Туман ИИБ бошлиғи Дилшод Умаров: Хабарим бор. Мурожаатчи бизга ҳам тегишли тартибда ариза киритган. Тўғри, шахсан ўзим аризани кўрганим йўқ. Аммо, ходимимиз бу иш билан шуғулланаяпти. Агар айбдорларнинг хатти-ҳаракати ноқонуний бўлиб, ўз исботини топса унда қонун олдида жавоб беришади.

Афсуски, Дилшод Умаров маҳалла инспекторининг хатти-ҳаракатлари тўғрисида ҳеч қандай изоҳ бера олмади. Фақатгина буни ҳам тегишли тартибда ўрганиб чиқиб бизга билдиришини маълум қилди холос. Биз эса доимгидек кутаяпмиз.

Абурайҳон Муҳаммадиев нафақат туман прокурори, балки воқеа содир бўлган ҳудуднинг сектор раҳбари саналади. Афсуски, у киши билан боғланишнинг имкони бўлмади. Бир неча бора учрашиш ёки изоҳ олиш борасида қилинган қўнғироқларга жавоб бўлмагач, сектор штабига боришга қарор қилдик. Афсуски, у ерда ҳам бизга аниқ гап айтишмади.

Мақсад муаммонинг ечими бўлсин

Хулоса ўрнида демоқчи бўлганларимиз, афсуски аччиқ ҳақиқатлар. Ҳали-ҳамон орамизда инсонлар тақдирига бефарқлик бор. Масъул мутасаддиларнинг ўзида “масъулият” тушунчаси кам. Муаммоларга панжа ортидан қараш эмас, уни имкон даражасида оқилона ечиш керак. Дарвоқе, муносабатлар фақатгина қоғозда эмас, амалда ҳам кўринса нур устига аъло нур бўлар эди.

P/S: Шу ўринда яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Биз мазкур мақола орқали кимнидир “атайдан айблаш” ниятидан йироқмиз. Шунчаки, воқеага журналистик назар билан холисона ёндошишни лозим топдик холос. Ўйлаймизки, йўқ, аниқроғи ишонамизки, юқорида номи тилга олинган инсонлар (улар масалага қай даражада тааллуқли бўлишса) муаммо қолиб уни омма эътиборига ҳавола этаётган инсон билан “шуғулланишмайди”. Аксинча, М. Алиева таъкидлаганидек, барчаси қонуний йўл орқали адолатнинг тантана қилишига замин яратади.

Муқаддас ИСМОИЛОВА

https://t.me/joinchat/AAAAAFi04XXrQkrU1ul5pw



КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД