Ижтимоий тармоқдаги виртуал наркотик

ТАҲЛИЛИЙ  21.08.2019 14:53        237


21 аср болалари. Улар ота-онасининг ёшлик давридан кўра бутунлай бошқа бир дунёда ўсиб улғаймоқда. Биз, ёшлар болалигимизни “Оқ теракми кўк терак” “Беш тош”, “Чиллак”, “Улоқ” “Арқон тортиш” каби қизиқарли жисмоний ҳаракат талаб қиладиган ўйинлар билан ёдга оламиз. Ўйинлардан чексиз завқ олганмиз. Бугунги ёшларчи? Интернетнинг “кучидан” ҳатто уйи олдида қурилган стадионга бориб тўп тепишга ҳам эринади. Қанчадан-қанча маҳаллий стадионлар ҳувиллаб ётганига кўпчилигингиз гувоҳ бўлганмиз. Бизнинг болалигимиз бахтлироқ ўтгандек менинг назаримда. Мутахассислар ҳам буни бот-бот исботламоқда. Ўсмирлар ўлими айнан ижтимоий тармоқлардаги босим туфайли содир бўлаётгани илмий исботини топмаган бўлса-да, 2010-2019-йилларда бу кўрсаткич кескин ошган.

Узоққа бормайлик, яқинларимиз орасида ижтимоий тармоқда ўз саҳифаси бўлмаганлар деярли йўқ. Аммо, ҳатто айрим 3-4 синф ўқувчиларнинг ҳам интернетда шахсий аккаунтларига эгалиги бизни жиддий мулоҳаза қилишга ундайди.

Маълумот ўрнида…

Ижтимоий тармоқлар ичида энг хавфлиси Инстаграмдир. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 14 ёшдан 24 ёшгача бўлган 1,5 мингта ёшлар орасида ижтимоий сўровнома ўтказди. Натижада, мунтазам инстаграмга кирадиганлар орасида депрессия ва агрессив кайфият юқори эканлиги аниқланди. Бугунги кунда аксарият британиялик ёшлар инстаграмдан кўра Тwиттерни маъқул кўрмоқда.

Аниқланишича, ўсмирлар орасида инстаграмга кирувчилар доимий чарчоқ ва уйқусизлик дардидан шикоят қилган. Инстаграмнинг энг салбий таъсири худбинлик характерини уйҚотишидир. Дўстингиз ёки ҳамкасбингизнинг саҳифасини кузатиб, ундаги зўр шароитларни ўзингизники билан таққослайсиз ва ўз-ўзидан сизда, “нимага унда бори менда йўқ”, деган саволни пайдо қилади. Энг ёмони, инсоннинг ўзига бўлган ишончини сўндиради.

Ижтимоий тармоқларда хавфсизлик даражангиз юқорими?

Кичик сарлавҳадан кўз олдингизда дарҳол ижтимоий тармоққа киришдаги парол ва логинингиз келди, шундайми? Аслида буни ҳам назарда тутганмиз, аммо асосий муаммо бунда эмас. Муаммо, сиз қай даражада оилавий суратларингизни тармоқдаги дўстларингиз билан «бўлишганингиздадир». Балки шахсий расмларингиз орасида, фарзандингиз қайси мактабда ўқиши-ю, қанақа хоббилари борлиги ҳақида маълумот ёзгандирсиз. Сиз ушбу маълумотларни қўяётганингизда онгингиздан ёмон ўйлар кечмаган, аммо бир куни ушбу маълумотлар сизга ёмонликка хизмат қилганини билганингизда ўзингизни кечира олмаслигингиз табиий. Имкон қадар ижтимоий тармоқдан фойдаланаётганда манзилни белгиламанг ва вояга етмаган фарзандларингиз юзини аниқ кўрсатманг. Агар ижтимоий тармоқ сиз учун шунчаки дўстларингизни «кузатиш» воситаси бўлса, яхшиси расм қўймаганингиз маъқул.

Таниқли блогер Нурбек Алимовга ушбу мавзу юзасидан бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

— Нурбек, ижтимоий тармоқда бизнинг хавфсизлигимиз қай даражада ҳимояланган?

— Саволингизга қўрқмасдан, йўқ, дея жавоб бераман. Хабарингиз бор, ўтган йили facebook тармоғида ўн миллиондан зиёд фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиқиб кетди ва Фейсбукни бу учун 5 млрд. долларга жаримага тортишди. Бундан ташқари, баъзи ёшлар, экстремистик жангари гуруҳлар сафига айнан ижтимоий тармоқлар орқали тортиляпти. Ҳозир олдингидай варақа тарқатиш йўқ, ҳеч ким кўчангизга келиб чойхонада ёки масжидда бошингизни айлантирмайди. Ҳозирги глобаллашув жараёнида айнан ижтимоий тармоқлар ана шундай шахслар учун энг қулай платформа. Ота-она фарзандини тармоқдаги фаолиятидан хабардорлиги, бола оқ ва қорани ажратадиган ёшга етгунча синчковлиги ҳар қачонгидан юқори бўлиши керак. Умуман тақиқлашнинг эса имкони йўқ ва мумкин ҳам эмас. Чунки, биринчидан тақиқланган нарса ширин кўринади, иккинчидан, бола буни сизга билдирмасликка ҳаракат қилади. Шу сабаб олтин ўрталикни топа билиш керак деб ҳисоблайман.

— Сиз, чет эл сафарларида кўп бўласиз, хорижлик ёшлар ўзбек ўсмирларидек ижтимоий тармоқ қулига айланганми?

— Бизнинг ёшлардан кўра Европа ёшлари тармоқларда камроқ вақтини ўтказади. Global Webindex рейтингига қарайдиган бўлсак, дунё бўйича унча ривожланмаган давлатлар барча ижтимоий тармоқларга киришда олди қаторларда турганини кўриш мумкин. Бу ўзига хос парадоксни келтириб чиқаради, бизда интернет қиммат, лекин ижтимоий тармоққа кўп кирамиз. Битта фарқ шундаки биз 24 соат шов-шув кутиб яшаймиз, улар шунчаки бўш вақт ўтказиш, эски танишлар билан гаплашиш учун киради. Балки бу бир неча йиллар биздаги информацион очлик тугаб, чеклашлар тўхтатилиб тонналаб информация устимизга ёғилганидан бўлса керак. Лекин, интернетга, ижтимоий тармоққа муккасидан кетганлар у ерда ҳам, Ўзбекистонда ҳам топилади албатта.

— Тармоқларнинг ўсмир ёшларнинг психологиясига, турмуш-тарзига қандай зарарларини кузатгансиз?

—Ўсмирлар ўзига ёққан инсонларга тақлид қила бошлашади, тармоқда кўзига ақлли бўлиб кўринган, лекин асл мақсади яширин, бузғунчи ва экстремистик ғояларни тарқатувчиларга эргашиб қолиш эҳтимоли мавжуд. Лекин, ўзи қизиққан, техника, ижод каби сохаларда фикр алмашиб дўстлар орттириши, тил ўрганиши, пазандачилик, мотивацион фикрлар олиб ривожланиши ҳам мумкин.

Машҳурликка эришаман деб…

Шу кунгача ижтимоий тармоқ орқали қурбон бўлган ёшларимиз, афсуски, кўп. Айримлар машина ҳайдаб кетаётган чоғида дўстлари билан онлайн эфир уюштириб, яна кимлардир тармоққа антиқадан-антиқа селфи жойлайман деб, ўз хавфсизлигини унутмоқда. Бундан икки ой илгари Ургенчлик “шоввоз” ижтимоий тармоқда машҳурликни кўзлаб, устига бензин сепиб, ёнганча ўзини дарёга ташлади. Тўғри, у мақсадига етиб машҳур бўлди, фақат танасининг 70 фоиз қисми куйиб кетди. Куни кеча унинг яна бир Тошкентдаги “ҳамтовоғи” жонига қасд қилиш учун эмас, аксинча тенгдошлари орасида машҳур бўлишни кўзлаб ўзини юриб келаётган поезд тагига ташлади. Йигитчанинг ўзи бўлса, ижтимой тармоқда кўпроқ обуначи йиғиш учун амалга оширганини маълум қилди. Мўъжиза билангина омон қолган ушбу йигитчага эртага ҳеч ким тақлид қилмайди, деб ким айта олади? Наҳотки қисқа муддатда сўнадиган бу машҳурлик ширин жонига хавф солар даражада керак бўлса?

Бугунги статистикани ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг 22 миллион аҳолиси интернетдан файдаланади. Уларнинг 85 фоизи ижтимоий тармоқнинг турли вариантларидан фойдаланади.

Бола тарбиясига қандай таъсири бор?

Яқиндагина ота-оналар болаларнинг компьютер ўйинларига берилиб, уларга боғланиб қолишлари хавфидан чўчиб, олдини олишга ҳаракат қилган бўлсалар, ҳозирда бу хавфга ижтимоий тармоқлар ҳам қўшилди. Болалар ва ўсмирларнинг асосий вақти реал муносабатлардан кўра, чегараси йўқ ижтимоий тармоқларга кўчди. Мазкур мулоқотларнинг болаларга қизиқлиги, аввало, тармоқда ўзларига кўпроқ «дўст» орттириш имкони мавжуд. Тармоқда мулоқот қиларкан, болалар ўзларини омадли бола қилиб кўрсата оладилар. Ўзгалар ролида ўзларини тақдим этиб, турли ёлғон дунёларга берилиб кетадилар. Уятчанг ва тортинчоқ болалар учун эҳтимол тармоқдаги мулоқотларнинг фойдали жиҳатлари бордир, вақти келиб, ҳақиқий ҳаётда бу мулоқотлар ўз самарасини бериши ҳам мумкин. Мавзу юзасидан малакали педагог-психолог бола руҳиятида ижтимоий тармоқнинг қандай зарарлари борлиги ҳақида сўзлаб берди.

Дилдора Раҳимова, психолог:

— Педагог-психолог сифатида шуни айтишим мумкин, ўқувчи ёшлар учун тармоқ қуйидаги хавфли таъсирларга эга:

-ўқиш ва билим олишга енгилтаклик билан муносабатда бўлиш. Интернетдан тайёр дарс ишланмалари, математик масалалар ечимларини осонгина топиш ҳисобига дарс топшириқларини мустақил бажармаслик;

-жисмоний ривожланишига салбий таъсири, яъни боланинг фаол ҳаракатда бўлмай, узоқ вақт монитор рўпарасида ўтиришига тўҚри келиши ва бошқалар.

Ота-оналарга тавсиямиз шу, болангизни имкон қадар дарс жараёнларини ўзи бош қотириб, ечишини компьютердан, телефондан меъёрида фойдаланишини назорат қилинг.

Ижтимоий тармоқлар инсонни бахтсиз қиладими?

Яна бир тадқиқот эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ижтимоий яккаланиш ҳиссини юзага келтиришини кўрсатди. Олимлар кишиларнинг Facebook, Twitter, Google+, YouTube, LinkedIn, Instagram, Pinterest, Tumblr, Vine, Snapchat va Reddit каби 11 та ижтимоий тармоқда ўтказган вақти уларнинг ўзини қанчалик ижтимоий яккаланган ҳис қилишига боғлиқ эканлигини ўрганиб чиқди.

Ушбу одамлар бамисоли ижтимоий тармоқларда “яшашади”. Улар учун виртуал ҳаёт муаммолари ва ташвишлари ҳар нарсадан, жумладан, реал ҳаётдан устун туради. Бизнинг фикримизча, бу тенденция салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки инсон тармоқларда бўлар экан, у ўз ҳаётини фақат шу тармоқлар орқали кўради, хулосаларни тармоқ нуқтаи назаридан ва улардаги аъзолар фикрларидан чиқаради, унинг дунёқараши шу тармоқ доирасида шаклланади, хуллас бундай инсонларнинг онги фақат бир оламда яшайди. Инсон реал ҳаётидаги камчиликларини, сиқилишларини ва муваффақиятсизликларини тармоқда қоплашга интилади. Расмлар ва уларга берилган шарҳлар, янги дўстлар, ёрқин лавҳалар ва тармоқлараро уюшмалар одамни тўлқинлантиради. Интернет уларнинг фикрлашини бутунлай ўзгартириб юборади. Ундан ташқари, ижтимоий тармоқлар ғаразгўй одамларнинг ёвуз мақсадларига хизмат қилишлари мумкин. Масалан, тармоққа қўйилган ахборот ва хабарлар бошқалар томонидан ўғирланиши, бузилиши ёки бошқа тармоқ аъзоларига юборилиши, ё фирибгарлар қалбаки расмлар ва ёлғон маълумотлар билан ўз мақсадларига эришишлари мумкин. Ҳатто ижтимоий тармоқлар бутун бошли қотилликлар, исёнлар, урушларга сабаб бўлади. Масалан, аксарият “информацион уруш” айнан ижтимоий тармоқдан бошланмоқда.

Сиз ижтимоий тармоққа нима учун кирасиз?

Меҳрангиз Баёнова, талаба:

— Севимли санъаткорларимнинг ижодини кузатиш учун кираман. Сир эмас, барча юлдузлар ижтимоий саҳифада ўз аккаунтига эга. Мухлислар орасида севимли юлдузлари билан мулоқотга киришиш учун барча имкониятлар дунёси очилади. Ўаттоки, хонандаларимизнинг нимани ўйлаши ва ташвишлантириши ҳақида ҳам билиб олишимиз мумкин.

Фарангиз Жабборова, уй бекаси:

— Тўқиш ва пазандаликка қизиқаман. Ижтимоий тармоқларда қизиқишимга мос гуруҳлар бор ва уларни кузатиб, ўзим учун янги ғояларни кашф қиламан.

Жамшид Негматов, ҳайдовчи:

— Опамнинг оиласи, жиянларимнинг ҳаммаси чет элда яшайди. Имкон қадар ҳар куни оиламиз билан интернет орқали “кўришиб” гаплашиб турамиз.

Азиз Улуғов, банк ходими:

— Интернетга асосан янгиликлардан хабардор бўлиш учун кираман. ОАВ орқали янгиликларни кузатишга вақтим йўқ, йўл-йўлакай ишга келгунимча ватанимиз ва хориждаги янгиликларни ўқиб келаман.

Асилбек Эшонқулов, ўқитувчи:

— Дарсликлардан топа олмаган маълумотларимни интернетдан қидираман, қидириш асносида ижтимоий тармоқларимга ҳам бир “мўралаб” қўяман.

Бугун ҳеч кимни замонавий ахборот воситаларидан, жумладан, интернетдан фойдаланишини тақиқлаш мумкин эмас ва шундай йўл тутилса, бу ғоят хатолик бўлур эди, албатта. Аммо ҳамма нарсанинг ўз меъёри, маданияти ва тўғри йўли бўлганидек, фарзандларимизда ҳам вертуал оламдан ақл билан фойдаланишни шаклантиришимиз ғоят муҳимдир.

Феруза РАҲИМОВА.

Манба: «Ҳуррият» газетаси


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД