Сўз эркинлиги муҳим, лекин инсон шаъни ундан устувор

БУ ҚИЗИҚ  28.08.2019 00:36        201

Сўз эркинлиги муҳим, лекин инсон шаъни ундан устувор

“Ҳар қандай давр ва жамиятда ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда салбий ҳолатлар бўлган ва бу табиий. Аммо ҳозир арзимаган нохушлик ҳам ижтимоий тармоқларда бўрттириб, кучайтириб кўрсатилаяпти. Натижада воқелик тамоман бошқача манзара касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг қадр-қимматини топтайдиган, оила муқаддаслигига путур етказадиган ахборотлар кўпайиб кетди. Тўғри, сўз эркинлиги муҳим. Лекин инсон шаъни, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар нарсадан устун“. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси Дилором Файзиева комиссиянинг ишчи йиғилишида шундай фикр билдирди.

Йиғилишда оила ва аёллар масалаларига тегишли ахборотни тақдим этишда юзага келаётган муаммолар, унинг жамоатчилик фикрига таъсири муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, ахборот ва коммуникация технологиялари, жумладан, интернет ривожи ОАВ фаолиятида очиқлик, ошкоралик борасида янги даврни бошлаб берди. Шу билан бирга рақамли журналистиканинг замонавий тараққиётига мос бўлган меъёрлар ва этика стандартларига эҳтиёж юзага келди. Бу эҳтиёж айни пайтда тобора долзарблашиб бормоқда. Хусусан, оиланинг муаммоли масалалари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки зўравонлик қурбони бўлган аёллар, болаларга тааллуқли ахборотлар тарқатилишида ахлоқ меъёрларини четлаб ўтиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда у ёки бу воқеа ортидан ҳақоратли изоҳлар, асоссиз баҳслар авж олаяпти. Кўпинча муайян воқеанинг оқибати, якуни кенг тарқатилаяпти, у ҳақда бонг урилаяпти. Бироқ унинг келиб чиқиш сабаблари, илдизлари етарлича очиб берилмаяпти ёки уларга умуман эътибор қаратилмаяпти. Натижада нотўғри талқин ва таҳлил вужудга келаяпти. Иштирокчилар фикрича, бундай ножўя хатти-ҳаракатлар учун кескин чоралар кўриш фурсати келди.

Муҳокамалар жараёнида болаларни салбий ахборотлар оқимидан ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Қайд этилганидек, бугунги ахборот маконида жиноятчилик, босқинчилик, қотиллик, бузғунчилик ва бошқа хил иллатли хабар, видеолар кенг тарқалаяпти. Ҳатто миллий сегментдаги айрим оммавий интернет нашрларида ҳам шу каби манзаралар учраб турибди. Бу кўп ҳолларда, айниқса, болалар учун реклама вазифасини ўтаб қолаётгани айни ҳақиқат. Бундай шароитда болаларни салбий ахборот оқимидан қандай асраш мумкин?

Болада ахборотни тўғри қабул қилиш, унинг синтези ва таҳлили кўникмаларини оиладан шакллантириш керак. Албатта, бунга ота-она масъул. Аммо уларнинг ўзи ҳам маънавий тарбияга муҳтож бўлса-чи? Ахир ҳозир ён-атрофимизда ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиб, фарзандининг интернетдан қандай ва қай мақсадларда фойдаланаётганига бефарқ ота-оналар ҳам йўқ эмаску?!

– Ахборот таҳдидларига қарши курашда, дейлик, интернет манбаларини тақиқлаш ёки уларни ёпиш орқали бирор натижага эришиб бўлмайди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси Дилором Файзиева. – Аввало, саводхонлик, ахборот истеъмоли маданияти бўлмаса, барча уринишлар бекор. Бундан ташқари, жамоатчиликнинг ислоҳотлар жараёнидан хабардорлик даражасини кучайтириш керак. Бунда, айниқса, давлат органлари ва ташкилотлари матбуот хизматларининг фаоллиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки улар томонидан очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида тезкор, ишончли ахборотларнинг тақдим этилиши жамоатчиликда тўғри ва аниқ фикрни шакллантиришга катта ёрдам беради.

Иштирокчилар фикрига кўра, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, уларнинг халқаро нормаларга мослигини таъминлаш зарур. Бундан ташқари, қонунчиликда фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашув тушунчасини аниқлаштириш мақсадга мувофиқ. Маълум қилинишича, комиссия бу каби масалалар юзасидан иш бошлаган. Тегишли вазирлик ва идораларга миллий ахборот маконини ривожлантиришдаги бугунги ҳолат ва муаммолар, Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунини қўллаш амалиётидаги камчиликлар юзасидан сўровлар юборган.

Қайд этилишича, мазкур йиғилишда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга бағишланган парламент эшитуви муҳокамасига киритилади.

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД