​Парламентда кимлар ишлайди?

БУ ҚИЗИҚ  10.09.2019 12:06        156


Сенатор ёки депутат рутбасида фаолият кўрсаташи зарур бўладиган парламент аъзоларининг асосий касби нима? Улар кечагина қайси иш билан банд эди?

Албатта, бу кўпчиликни қизиқтирадиган савол.

Бугунги реалликдан келиб чиқиб жавоб берсак, бири – моҳир жарроҳ, Яратганнинг ўзи юқтирган замонавий табиб, яна бири машинасоз, бошқа бири – ахборот-коммуникация технологияларининг “пири” эди. Энди улар жарроҳлик пинцетини-ю, фанендаскопини четга қўйиб, ҳассос қонунчилардан бўшаб қолган хоналарга кириб, қонун ижод қилиши талаб этилади.

“Ана, холос” деб таажжубланишга шошманг. Аслида ҳайрон бўлишга ҳақлисиз. Чунки бу ҳеч ҳам бир-бирига тўғри келадиган юмушлар эмас. Лекин ҳаётда шундай. Энг муҳими, улар мутлақо янги касбга киришиб кетишяпти ва бу ишда уларга кўмак бераётганлар парламентнинг “парда ортидаги ходимлари”дир. Уларни расман парламент Девонининг ходимлари деб аташади. Улар бутун дунёда бор, барчаси деярли бир хил юмушни бажаради: ҳар борада парламент аъзосига кўмакчи, елкадош, ёрдамчи, борингчи – дастёр. Зарур бўлса, биргалашиб депутат палатада берадиган ҳисоботини тайёрлашга кўмаклашади, лекин минбарга яқинлашмайди. Депутатнинг газета, радио ва телевидениедаги нутқини маромига етказишида куйди-пишди бўлади, лекин ўзи доим парда ортида юраверади. Улар шу ишидан ҳузур топади. Кечагина парламент остонасини ҳатлаб кирган инсонни тезда парламентар, яъни парламент аъзоси даражасига кўтара олганларидан фахрланадилар ва шу қилган ишларидан “маст” юраверадилар.


Улар ҳар чақириқда бирга ишлайдиган ўнлаб хирург, машинасоз, дастурчи, бухгалтер парламентарийлар қонун ижодкорлиги учун давлат мукофотларига муносиб топилади. Улар шунда ҳам ўз шогирди, фарзанди тақдирлангани каби тўлқинланиб, шод юраверадилар. Зеро, бу ҳам қайсидир маънода, улар меҳнатининг маҳсули.

Улар шу инсонлар ишига камарбаста бўлиш учун яралгандек, гўё. Қонун ҳам шуни тақозо этади: парламентарийлар фаолиятини ташкилий-техник, маълумот-ахборот жиҳатдан таъминлаш Девон зиммасидаги вазифадир. Фақат бир нарса ўкинчли кечади: эндигина бир-бирини дилдан англаб бошлаганларида чақириқ тугаб, парламентарийлар тарқай бошлайди. Кўп ўтмай, янги сенатор ва депутатлар ишга киришишади. Лекин яна ўша ҳамкорлик, кўмакдошлик, елкадошлик, дўстона ёрдам давом этади. Зеро, масала — ёрдамда, хизмат вазифасида ҳам эмас. Гап шу азиз Ватан, она тупроқ, Парламентнинг уйғун, давомий ва самарали фаолият кўрсатишидадир. Буни беш йилдан бери эмас, ўн, йигирма, ўттиз йилдан буён Девонда ишлаб келаётган ходимлар қалби билан ҳис этади. Шунинг учун бўлса керак, Буюк Британия парламенти Лордлар палатасида Девон ходимларини “Парламентда яралган яхши анъаналар қўриқчиси ва давомчиси” деб атайдилар.

Балки Лордлар палатаси аъзолари ҳақлидирлар, эҳтимол, кимдир бу фикрга қўшилмас, яна ким билсин...

Лекин Девон ходимлари янги билимга ўзлари ҳам муҳтож эканини тан олиб яшайди ва билим олишга интилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бу интилишни доим қўллаб-қувватлаб келган. Шу боис, парламент қуйи палатаси Девонида яхши анъанага айланиб қолган тажриба алмашиш ва малака оширишга қаратилган ўқувнинг навбатдагиси 10 сентябрь куни ўтказилди.

Қонунчилик палатасида электрон ҳужжат айланиши тизимини ривожлантириш истиқболлари мавзусида ўтказилган мазкур тадбир Девон ходимлари учун қайси жиҳатларига кўра долзарб, муҳим деган савол туғилиши табиий.

Ҳамма гап шундаки, ҳужжатлар билан ишлашда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш нафақат оғир ақлий юмушларни енгиллаштиради, балки иш сифатини яхшилаб, сезиларли даражада моддий неъматларни тежайди ҳам. Тасаввур ҳосил қилиш учун бир жараёнга эътибор қаратиб, дейлик, қонун ташаббускорларидан лойиҳа келиб тушганда улар устидаги иш жараёнини бирма-бир кўриб чиқсак.

Палатага киритилган қонун лойиҳаси барча қўмиталарга, партия фракцияларига кўриб чиқиб, таклиф киритиш учун тарқатилади. Шунинг натижасида дастлабки лойиҳанинг ишлов берилган йигирмага яқин варианти пайдо бўлади. Уларнинг ҳар биридаги, қоғозга битилган ўзгаришларни аниқлаб олиш учун ўнлаб соат кетади. Лекин электрон дастур воситасида таклифларни бир дақиқа ичида ажратиб олиш имконияти мавжуд. Лекин буни билиш керак, ўрганиш, амалда синаб кўриш керак. Бу имкониятдан фойдаланиш кўникмасини пишиқ ўзлаштириш зарур. Акс ҳолда, бир неча юзлаб саҳифали кодексларни қабул қилиш учун йиллар керак бўлади. Бунга эса, фурсат йўқ. Воқеалар шиддат билан ўзгараётган бугунги кунда қонунлардаги нормалар ҳаётга ҳамоҳанг бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам 2019 йилдан эътиборан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиеёнинг ташаббусига биноан, Сенат мажлислари бир йилда уч марта эмас, ҳар икки ойда бир марта ўтказилмоқда, ҳар икки ойда ўнлаб янги қонунлар дунёга келмоқда.

Қонунчилик палатаси Девони ходимлари эса, ана шундай қизғин ишларда депутатларнинг яқин ёрдамчиси номига муносиб бўлиш учун ўз билимини тинмай оширишга ҳаракат қилмоқда.

— Бугунги режалаштирилган машғулот самарали ўтди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонининг ахборот-коммуникация технологиялари бўлими раҳбари Азиз Сарибаев. — Лекин машғулотлар давом этади. Масалан, эртага “Миллий ғоя ва ҳаёт” мавзусида Имом Бухороий номидаги Халқаро марказ маслаҳатчиси, профессор Бахтиёр Тўраев фикрларини эшитамиз ва баҳс-мунозарага киришамиз. Балки эриш туюлар, лекин тайёргарлик кўришимиз аниқ: ҳарнечук, парламент Девони ходими дегани номимиз бор...

...Ҳа, масалан, косиб ип-калаваю тагчармдан бошқасини етук даражада билиши шарт эмас, балки геологдан тоғ жинслари, маъданлар ҳақидагисидан ўзга билим талаб этилмас. Аммо парламентда ишлайдиган Девон ходимларининг депутатлар билан ёнма-ён, елкама-елка, тенгма-тенг меҳнат қилиши тақозо қилинади. Шунга монанд равишда, илм ва билим, тажриба, дунёқараш бобида ҳам парламентарийлардан қолишмаслик зарур бўлади.


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД