​ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ВА ИИБ ХОДИМИ ТОРТИШУВИ АКС ЭТГАН ВИДЕОДАН СЎНГ КИМ ЖАЗОЛАНДИ, КИМ ТАҚДИРЛАНДИ ?

ТАНҚИДИЙ  10.09.2019 23:29        276



Хабарингиз бор, сайтимиз орқали ИИБ ва ҳарбий хизматчилар ўртасида келиб чиққан "келишмовчилик" акс этган видео ижтимоий тармоқ орқали турли расмий сайтлар ва норасмий телеграм каналлар ҳамда босма ОАВларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Аслида "Uztime.uz" мазкур ҳолат бўйича тўлиқ видеони омма эътиборига ҳавола қилмади. Айни вазиятни тасвирга олган мухбирга кўра, ИИБ ходими ўша вазиятда ўзини муносиб тутган ва ҳарбийлар томонидан билдирилган фикрлар, ҳатто айтиш мумкинки ўтказилган "босим"да ҳам эркин мулоқот қила олган.

Биз ҳолат билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритишларини сўраб, ҳар иккала вазирликнинг матбуот хизматлари билан боғландик. Мудофаа вазирлиги матбуот котибининг вазирлик томонидан билдирилган муносабатида қуйидагича "... мазкур видеода ҳарбийлар томонидан атайин ички ишлар ходимини ҳақоратлаш ёки зўрлик ишлатиш ҳолатлари бўлмаган. Шундай бўлса-да, жамоат жойида уларнинг ҳаракатлари ва ўзларини тутишлари ножўя деб топилиб, мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан ушбу ҳарбий хизматчиларга интизомий жазо чораси қўлланилди. Шунингдек, республика ҳарбий прокуратурасининг Қарши горнизони ходимлари томонидан бу борада тушунтириш ишлари олиб борилиб, келажакда жамоат жойларида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича қатъий кўрсатмалар етказилди" деган мазмунда изоҳ берилди. Шунингдек, мазкур воқеадан сўнг улар бошқа жойга ишга ўтказилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Воқеанинг "тенг ҳуқуқли қатнашчиси" бўлган яна бир ИИБ ходими Қашқадарё вилоят ИИБ ИИО пробарция гуруҳи инспектори майор Ҳусниддин Абдураҳмонов Холбоевич яқинда, мамлакатимиз Мустақиллигининг 28-йиллиги арафасида жамоат жойида ички ишлар ходими сифатида ўзини муносиб тутгани ва вазиятга холисона баҳо бера олгани ҳамда ИИБ обрў-эътиборини ҳимоя қила олгани учун Қашқадарё вилоят ИИБ бошқармаси бошлиғи томонидан пул мукофоти билан тақдирланди. Бу хабарни Қашқадарё вилоят ИИБ матбуот котиби ҳам тасдиқлади.


Нима ҳам дердик? Адолат ва қонун устувор жамиятда яшаяпмиз. Ўйлаймизки, келгусида бу каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлмаймиз.

"Uztime.uz" таҳририяти


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД