​ҚАШҚАДАРЁДА ОИЛАВИЙ ПОЛИКЛИНИКАЛАРДАГИ "КОРРУПЦИЯСИЗ ТИББИЁТ" ЭСЛАТМАСИ ХЎЖАКУРСИНГАМИ?

ТАНҚИДИЙ  16.09.2019 22:26        262


Қашқадарёда гоҳ ошкор, гоҳ яширин тарзда авж олиб бораётган тиббиётдаги коррупция ҳаракатлари қачон барҳам топади? Қуйида мухбиримиз томонидан бу борада олиб борилган кичик суриштирувни эътиборингизга ҳавола қиламиз.


"ПРЕЙСКУРАНТС" НИМА ЎЗИ?

Яқинда "Uztime.uz" мухбири Қарши шаҳар Тиббиёт бирлашмасига қарашли 5 ва 2-сонли оилавий поликлиникаларда бўлиб тизимдаги коррупцион ҳаракатларга гувоҳ бўлди. Мақсад асосан шу кунга қадар (ҳужжатларда шарт бўлган ва жорий йилдан эътиборан ман қилинган) абитуриентларга тиббий маълумотнома бериш жараёнини ўрганиш эди. Абитуриент сифатида ўзини таништирган мухбир ишга жойлашиш ва чет элга ўқишга кетиш учун махсус шаклда тўлдириладиган икки хилдаги "086" ва "060" деб бериладиган тиббий маълумотномалар кераклиги ҳақида поликлиника ходималарини огоҳлантиради. Кираверишдаги қабулхонада ўтирган ҳамширани саволга тутган мухбир ундан қуйидагича изоҳ олган.

-Ассалому-алайкум, кечирасиз менга тиббий маълумотнома керак эди, қаерга учрашсам бўлади?

-Бизга-да. Қаерга, ишгами, ўқишгами ёки никоҳ қайдномаси учунми?

-Ўқишга.

-Ундай бўлса, 25 минг сўм тўлайсиз. 3х4 ҳажмли суратингизни олиб келсангиз бўлгани, қолганини ўзимиз тўғирлаб берамиз.

-Бу қайси бири учун?

-Ўқишга ва ишга кириш учун маълумотноманинг нархи шунча. Никоҳ қайдномаси учун олинадигани "ҳимматингизга" боғлиқ. 150-200 минглар атрофида бўлади.

Қизиқ, ҳамшира келган одамнинг кимлиги-ю, қаерданлиги билан танишиб чиқмасдан, ақалли тиббий текширув учун бирор-бир шифокор қабулига ҳам жўнатмаган. Худо кўрсатмасин-у, балки унда жиддийроқ бирор касаллик аломати бордир. Ёки ҳамширага бунинг фарқи йўқмикин?

-Кўрикдан ўтиш-чи?

-Истасангиз ўтинг, бир кун вақтингиз "зое" кетади. Пулини тўласангиз тушдан кейин ҳаммаси тайёр бўлади. Олиб кетаверасиз.

Албатта, исталган одамга ҳамшира айтган "вариант" маъқул. Чунки бироз қиммат бўлса ҳам ҳар холда анча вақтни тежаш мумкин. Гуёки ҳаммаси тартиб-тамойилдагидек суҳбатлашиш йўқ, аниқроғи, "савдолашиш" қизғин кечган.

-Кечирасиз, тўловни арзонлаштиришнинг иложиси борми?

-Йўқ. Истасангиз шу. Бўлмаса, ўзингизга қаранг.

Шу тобда дабдурустдан унга берилган савол ҳамширани чўчитиб юборган шекилли:

-Тиббий маълумотномалар учун белгиланган нархнома (ПРЕЙСКУРАНТ) борми сизда?

-...Нимаааа? Нима у?

-Махсус нархнома. Давлат томонидан пуллик хизмат учун белгилаб бериладиган.

-....

-Нархномани кўрсатсангиз тўлардим.

Саволни эшитиб ранги докадек оқариб кетган ҳамшира эса бу ердан узоқлашар экан, орқасига қарай-қарай атрофдаги хамксбларини огоҳлантиришга ҳам улгурганига нима дейиш мумкин? Демак, пуллик тиббий хизмат учун давлат томонидан белгиланган нархнома борлигидан бехабар ходимлар бир кунда маълумотнома олиш илинжида мурожаат қилувчи қанчадан-қанча одамдан "нелегалный" даромад кўришади.


ПУЛ БЎЛСА ЧАНГАЛДА ШЎРВА (МИ?)

Кейинги манзил шаҳардаги 5-сонли оилавий поликлиника бўлди. Бу ерда ҳам кираверишда ўтирган ҳодимларга шу савол билан мурожаат қилган мухбиримиз кутганидек, бу поликлиникада ҳам шу вазиятга гувоҳ бўлган. Фақат, ҳамширалар бироз "виждонли" чиқишади. 15 минг сўм! Агар ҳар иккала тиббий маълумотнома тайёрлаб берилса, унда 30 минг бўлар экан.

-Мен бошқа поликлиникада рўйхатда тураман. Маълумотномани қаердан олишимнинг фарқи йўқми,-деган саволга:

-Фарқи йўқ. Пулини тўласангиз, "чангалда шўрва-ку", ҳозир. Ҳаммаси бир. Оилавий поликлиника бўлганидан кейин вазифаси ҳам бир хил деган жавобдан кейин нархлар тафовутини демаса, демак "хўроз ҳамма ерда бир хил қичқирган экан" деган фикрга боради, киши.

Бу ерда худди 2-сонли оилавий поликлиникадаги каби саволлар билан ҳамширани "юрагини ёришни" истамаган мухбир келишилган пулни тўлаб, расм олиб келиш учун ўзи у ердан чиқади.

Қизиқ, поликлиникада бор-йўғи 5 дақиқада ишни осонгина битириш мумкин экан! Балки, ҳамшира айтганидек, пул бўлса ростдан ҳам чангалда шўрвадир. Бундан ҳам қизиғи, улар муассасадаги шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосари рақами келтириб ўтилган "КОРРУПЦИЯСИЗ ТИББИЁТ" деб ёзилган ёзув тагида "савдолашганига" нима дейиш мумкин?!


Қаранг-а, тиббиёт фақат коррупция бўйича олдинда бўлса керак, савод борасида анча орқалаб қолаяптими дейман, ҳатто раҳбарлар номидан келтирилган шу сўзда ҳам хато бор. Кулишниям, куйишниям билмайсан киши. Ҳа-я, тиббий маълумотномалардан тушадиган пуллар банкка кирим бўладими, йўқми буниси бизга қоронғулигича қолди.

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун афсуски, ҳар иккала поликлиника мудирларини излаб топа олмадик. Бундан ташқари, шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари М. Баҳрамова билан ҳам, шаҳар ҳокими Ж.Фозилов билан ҳам боғланишнинг имкони бўлмади. (Чунки, ҳар бир тиббиёт муассасасида ушбу раҳбарлар ва уларнинг ишонч телефони келтирилган эслатма осиғлиқ турибди-да.) Фақатгина шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари А. Насимовдан изоҳ олишга эришдик холос.

-Афсуски, бу ҳолат тиббиётда, айниқса оилавий поликлиникаларда йўқ, деб айта олмайман. Бизни огоҳлантирганингиз яхши иш бўлди. Бу борада тегишли чоралар кўрамиз.


Сизга илинганимиз балки "айтишга арзимайди" деб ўйлайдиган, лекин, яхшилаб хомчўт қилинса биринчидан осонгина, иккинчидан ноқонуний, учунчидан "чўғи" бирмунча "вазнлигина" коррупцион ҳаракат машмашаси эди. Машмаша деганимизга ҳайрон қолманг, бу бугун пайдо бўлган вазият эмас. Ва ишончимиз комилки, эртагаёқ йўқ бўладиган ҳолат ҳам эмас. Шунчаки, қон-қонимизга сингиб кетаётган ва тобора "одат" тусига айланаётган бунақа "машмашачалар" қачонгача давом этади, ҳайронмиз?

Мана сизга коррупция, мана сизга оддий арифметика. Мана сизга билимсизлик, мана сизга Қашқадарё тиббиётидаги кўзга илинмас, балки эътиборга олинмас яна бир аҳвол. Тез орада масъуллардан изоҳ кутиб қоламиз.

"Uztime.uz" таҳририяти


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД