ШИФОКОР КЕЧИКИШДА ДИСПЕТЧЕРЛАРНИ АЙБЛАДИ, СТАНЦИЯ БОШЛИҒИ ЭСА БУНГА "НОСОЗ" СОАТНИ БАҲОНА ҚИЛДИ

ТАҲЛИЛИЙ  17.09.2019 00:40        210

"UZTIME.UZ" эса навбатдаги мурожаатни холисона ўрганди

Жорий йилнинг 4-сентябрь куни Қарши шаҳрининг "Эски шаҳар" ҳудудидаги маҳаллалардан биридан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали тез тиббий ёрдам станцияси диспетчер ходимларига навбатдаги чақирув бўйича маълумот келиб тушади.


21:58 да берилган чақирувга 22:28 да кириб келган тез тиббий ёрдам бригадаси фельдшери Сирожиддин Эсановнинг билдирилишича, уларга диспетчерлар бу ҳақда 22:20 билдиришган. Фельдшер эса бригаданинг етиб келиш вақтини масофа билан ўлчаб исботлаб беради ва ўша ернинг ўзидаёқ диспетчерларга қўнғироқ қилиб вазиятни ойдинлаштиришга уринади. Маълум бўлишича, ўша куни навбатчиликда бўлган диспетчерлар 6 нафар ходим бўлиб, улар телефон орқали вазиятга ойдинлик киритиб бера олишмаган ва орадан фурсат ўтиб масалани ўргангани борган мухбирга Тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Воҳидов Улаш Юлдашевич ҳам, станция бош ҳамшираси ҳам айтарли изоҳ бера олишмаган.

ҲАММАСИГА НОСОЗ СОАТ АЙБДОР

- Тўғри, ўша куни ростдан чақирув бўлган ва тез ёрдам бригадасининг кечикиб бориши кузатилган. Аниқлаштиришимча, ўша куни чақирувда ёш боланинг аҳволи билан боғлиқ жиддий ҳолатда ҳақиқатдан диспетчерларимиз томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилганини тан оламиз,-дейди бош шифокор. Бизда ҳар бир чақирув махсус қайд дафтарига ёзиб борилади. Асосийси тез ёрдам бригадаси чақирувга кечикиб бўлса ҳам борган ва шифокор томонидан беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Диспетчерларимизнинг айбини тан оламиз, очиғи уларнинг хонасида ўрнатилган электрон соат вақти-вақти билан тўхтаб қолади. Кўп марта тўғирлаб қўйганмиз, аммо бари бир соат тўхтаб қолаверади. Айнан шунинг ҳисобига ҳам хабар кеч юборилган. Бундан ташқари, соат кечки 18:00 дан тунги 1:00 га қадар бизда "часпик" ҳисобланади. Сиз айтган вақт айнан шу соатларга тўғри келиб қолган.


Яқин кунларда янги "Call center" ишга тушиш арафасида. Янги технологиялар ва кузатув камералари билан жиҳозланган хонада иш бошлаймиз. Ва умид қиламанки, бу каби ҳолатлар фаолиятимизда бошқа кузатилмайди.

Қизиқ, ҳар куни тез тиббий ёрдамга эртаю-кеч қанчадан-қанча чақирувлар бўлади. Демак, асосан хонадонлардан тушадиган бу каби чақирувларга кечикиб боришга бош айбдор "НОСОЗ СОАТ" саналади. Шу арзирли баҳонами? Биргина деворда осиғлиқ турган ўша соатни бошқасига алмаштириш учун қанча маблағ зарур? Ахир шу соат "айбдор" экан, унда мантиқан ўйлаб қаралса, чақирувлар орасида ўта оғир ҳолатдаги беморлар ёки юқоридаги каби ёш болалар саломатлиги билан боғлиқ вазиятларнинг охири нохуш оқибатларга олиб келса-чи? Наҳотки, шуни баҳона қилиш мумкин? Бу саволга ҳам станция бош шифокори жавоб берди:

-Афсуски, бизда республика молия вазирлиги ва вилоят молия бошқармаси томонидан ажратилган сметада ортиқча ҳаражатларга рухсат берилмайди. Йил бошида тасдиқланадиган сметадан чиқиб кета олмаймиз. Мазкур ҳолатлар бўйича молия бошқармасини бир неча бора огоҳлантирганмиз. Улар шифокорлар ва фельдшерларимизга ҳамда ҳамшираларга махсус тез тиббий ёрдам формаси учун маблағ ажратишни кўзда тутишган эди. Аммо фойдаланишда бўлган биномиз ва янги "Call center" учун маблағ ажратилди холос. Мана учинчи чорак якунланди ҳамки, биз сўраган маблағ ажратилмади. Ҳатто, ўтган йилги ходимларимизнинг устидаги "103" хизмати ёзилган фосфорли қишки кийим(бушлаг) ҳам ўз ҳисобларидан тиктирилган эди.

ЧИҚИНДИЛАР УЮМИГА САБАБ НИМА?

Энг ачинарлиси эса бино ичкарисидаги иккинчи қаватга кўтарилиш зинасида уюлиб ётган турли хил дори-дармон ва шприцлардан иборат чиқиндилар уюмининг манзараси бўлди. Ахир тозалик, озодалик, турли касалликларнинг олдини олишда бир аввало оқ халат кийган шифокорлардан ўрнак оламиз-ку. Бош ҳамширанинг изоҳига кўра: -Бугун чиқиндини олиб кетадиган машина келмаган. Орастабонуга буни билдиришни унутган ҳамшира суратга олаётганимизни кўриб, у ерни тезда тозалаб олишни буюрди.


Нима ҳам дердик, Қашқадарё тиббиётидаги бу каби "масъулиятсизликлар" қачонгача давом этаркин? Тўғри, баъзан чақирувлар кўп бўлади. Бир суткада аслида шифохонада ёки врач назоратида поликлиникада ётиб даволаниши лозим бўлган беморлар ҳам тез ёрдамни чақириб соатлаб уларни ушлаб қолиш ҳолатлари ҳақида ҳам эшитганмиз. Аммо биз қаламга олган мавзуда чақирув бўлган, диспетчер уни қабул қилган ва ҳаттоки дафтарга қайд ҳам этган. Аммо, қандайдир сабабларга кўра, тез ёрдам бригадагасига кеч хабар берилган.

Дарвоқе, "носоз соат" туфайли демоқчи эдик. Кейинги пайтларда кўп тилга ҳамда қаламга олинадиган воҳа тиббиётида ўзгаришлар шамоли қачон эсади, ҳайронмиз? Уйғонинг! Ахир сиз эл хизматидасиз. Бундан ташқари, буни "Тез тиббий ёрдам" хизмати дейишади.

Масъуллардан жавоб кутиб қоламиз.

Муқаддас ИСМОИЛОВА


КИРИШ РЎЙХАТДАН ЎТИШ

МАВЗУГА ОИД